Хоразмда гиёҳвандлик воситаси сотаётган аёл қўлга олинди

Жамият 13:54 / 18.09.2020 4388

2020 йилнинг 7 сентябрь куни соат 22:50да Хоразм вилояти божхона бошқармаси, ИИБ ва ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Тадбир давомида Урганч шаҳар 4-даҳада яшовчи 50 ёшли Ф.О. (аёл) яшаш хонадонида икки бўлак полиэтилен пакет бўлагига ўралган соф оғирлиги 28,49 грамм бўлган “опий” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда 12 000 000 сўмга сотган вақтида ушланган ҳамда гиёҳванд воситаси ва пуллар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Шунингдек, Ф.О.нинг яшаш уйи холислар иштирокида кўздан кечирилганда, хонадонда бир дона полиэтилен пакет бўлакчасига ўралган соф оғирлиги 2,94 грамм бўлган “опий” гиёҳвандлик воситасини сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланган ва процессуал тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан Хоразм вилояти божхона бошқармаси томонидан Ф.О.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тегишлилиги бўйича Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимига юборилган.

Жиноят иши бўйича Ф.О. айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар