Қашқадарёда мактаб директори ўз жонига қасд қилиб, хатлар ёзиб қолдирди

Жамият 21:01 / 18.09.2020 161897

Kun.uz Бош прокуратура матбуот хизматидан олган маълумотга кўра, 8 сентябрь куни Китоб тумани прокуратурасига туманнинг «Боғбон» МФЙда яшовчи фуқаро Латиф Эшқобилов ва бошқалар мурожаат қилиб, жияни Нурбек Турдиев ўз жонига қасд қилганини билдирган ва айбдор шахсларга чора кўришни сўраган.

Шу куни туман прокуратураси воқеа жойини кўздан кечирган.

Аниқланишича, Китоб тумани «Боғбон» МФЙ Янгиқишлоқ қишлоғида яшаган Нурбек Турдиев тумандаги 13-сонли мактаб директори лавозимида ишлаб келиб, 31 август куни ўзи раҳбарлик қилган мактабнинг маъмурий биноси ҳожатхонаси болорига арқондан сиртмоқ ясаб, ўзини ўзи осиши оқибатида вафот этган.

«Туман ИИБ ходимлари Н.Турдиевнинг ўлими ҳолатини аниқлаш учун марҳумнинг уйига борганларида, унинг яқин қариндошлари мурдани суд-тиббиёт экспертизаси кўригидан ўтказмаслик мақсадида юрак хуружидан вафот этгани ҳақида айтишиб, жасадни шу куннинг ўзида кўмиб юборишган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида туман ХТБ, ИИБ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш марказининг туман бўлими ходимлари ҳаракатларига нисбатан хизмат текширувлари тайинланган.

Текширув ҳаракатлари давомида Н.Турдиевнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида жасадни эксгумация қилиш йўли орқали суд-тиббиёт экспертизасидан ўтказиш тушунтирилганда, марҳумнинг яқин қариндошлари жасадни эксгумация қилишга мутлақо қарши эканликларини билдиришган», – дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz'га тақдим этган ахборотда.

Қайд этилишича, Н.Турдиев ўлимидан аввал 3 нусхада тилхат ёзиб қолдирган бўлиб, ҳозирги кунда ушбу тилхатлар марҳумнинг тоғаси Латиф Эшқобиловда сақланмоқда.

«Ушбу тилхатларни терговга қадар текширув заруратига кўра судга оид хатшунослик экспертизаси тайинлаш учун тақдим қилиш талаб этилганда, Л.Эшқобилов ушбу ҳужжатларнинг нусхасини тақдим қилиб, асл нусхаларини тақдим қилишдан бош тортган.

Мазкур тилхатлар кўздан кечирилганда оила аъзоларидан рози эканлигини, фарзандларига ғамхўрлик қилишни, шунингдек, мактаб ўқитувчиларидан коррупцияга йўл қўймасликни сўраган», – дейилади Бош прокуратура ахборотида.

18 сентябрь куни Nasafnews.uz сайти ушбу ишга тааллуқли дея айтилаётган хат суратини эълон қилди. Хатдан марҳум директор ҳамкасбларига мурожаат қилиб, уларни «ҳар қандай шароитда ҳам коррупцияга йўл қўймаслик»га чақирганини кўриш мумкин.

Фото: Nasafnews.uz

Daryo.uz'га кўра, марҳум 47 ёшда бўлган. Нашр Китоб туман ХТБ мудири Авлоқул Авлаев билан боғланган.

«Апрель ёки май ойлари эди, марҳумнинг ИИБда ишловчи укаси Ш.Т. ёнимга келиб: «Акам ичкиликка берилиб қолган, даволатганмиз, аммо фойдаси бўлмаяпти. Шунинг учун ишдан бўшатиб юборинг. Сизларни ҳам, бизни ҳам қийнаб қўймоқда», деди», – деган Авлаев.

Мудирнинг қўшимча қилишича, Нурбек Турдиев тумандаги 13-мактабга 2018 йилдан бери раҳбарлик қилиб келган.

Ҳодиса юзасидан Китоб тумани прокуратураси терговга қадар текширув ўтказмоқда.

Кўпроқ янгиликлар