Миграция агентлиги вакили Корея томони E-9 визаси бўйича қўяётган талаблар ҳақида гапирди

Ўзбекистон 16:05 / 16.09.2020 3884

«Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Корея Республикасининг Инсон ресурсларини қўллаб-қувватлаш маркази билан меморандум имзолаган ва E-9 визаси билан Корея Республикасига фақат Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги орқали юбориш мумкин. Шу вақтгача ва бундан кейин ҳам бу меморандум амалда. Бу Ўзбекистон Республикасининг талаби эмас. E-9 бўйича Корея тарафи фақат Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ишлайман деган талабни қўйган.

Пандемия даврида нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг барча мамлакатларида пандемияга қарши чоралар кўрилди, кўриб келинмоқда. Қийин бўлса ҳам Корея давлати билан ўзаро келишувга эришиб, Кореяда ишлаб турган ва Ўзбекистонга келган 135 нафар фуқаромизни май-июнь ойларида иш берувчининг талаби билан қайта чиқариб юборишга эришдик.

Чиқиб кетмаганларининг эса виза муддатлари, шартнома муддатларини узайтиришга эришилди», деди Давлатназар Матназаров АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида.

У бугунги кунда E-9 визаси бўйича Корея Республикаси томонидан қўйилаётган талаблар ҳақида гапирди.

«Бугунги кунда Корея Республикаси томонидан талаб қўйиляпти: 11 июлдан нафақат Ўзбекистон, балки бошқа давлат фуқароларининг ҳам E-9 бўйича кириб келиши вақтинча чекланган. Ҳозирда келишувлар тикланяпти. Корея томони ҳар рейсда максимум 15-20 одамни қўясан, деяпти. Иш берувчи улар бўлганидан кейин ана шу 15-20 одам иш берувчиси ҳақиқатан карантин ҳудуди бўлса, касал бўлиб қоладиган бўлса, даволанишнинг ҳар куни учун 80-90 доллар (100 млн вон)ни зиммасига олган Ўзбекистон фуқароси Кореяга яна қайтиб бормоқчи бўлса, биз улар билан шартнома тузиб, Корея Республикасига тақдим этяпмиз. Улар текшириб, қабул қилиш рухсатини берганидан кейин жўнатиб юборишни амалга ошириб келмоқдамиз», дея агентлик расмийсининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Кўпроқ янгиликлар