Барбадос республика бўлишга қарор қилди. Елизавета II энди бу орол қироличаси бўлмайди

Жаҳон 20:11 / 16.09.2020 15632

Барбадос генерал-губернатори Сара Мэйсон маҳаллий парламентнинг кузги сессияси очилиши вақтида конституциявий монархия бекор қилиниши ҳақида маълум қилди.

Ҳукумат зарур юридик жараёнларни 2021 йил ноябрига қадар якунлашни режалаштирмоқда, ўшанда мамлакатда Британиядан мустақилликнинг 55 йиллиги нишонланади.

«Мустақиллигимизнинг 55 йиллигига Барбадос тўлиқ суверенитет томон кейинги мантиқий қадамни ташлайди. Барбадосликларга ўз раҳбари керак. Барбадоснинг биринчи бош вазири, олижаноб Эррол Барроу «мустамлака ўтмишга кўмилиш» керак эмаслигидан огоҳлантирган. Мустамлака ўтмишимизни ортда қолдириш вақти келди. Барбадосликларга ўз барбадослик раҳбари керак. Бу кимлигимиз ва нималарга эриша олишимизга ишончнинг энг олий кўринишидир», деб айтган Мэйсон.

Мамлакат бош вазири Миа Моттли ҳам барбадосликлар давлат раҳбари барбадослик бўлишини исташаётганини маълум қилган.

Букингем саройидагилар республика мақомига ўтиш - ҳукумат ва мамлакат аҳолисининг алоҳида ҳуқуқи эканини маълум қилган. Саройдаги манбанинг маълум қилишича, бу ғоя қироллик учун кутилмаган янгилик бўлмаган - бу масала аввал ҳам кўп марта муҳокама қилинган.

Барбадос 1966 йилдан бери Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик таркибидаги мустақил давлат ҳисобланиб (Канада ва Австралия қатори), унинг раҳбари Британия қироличаси ҳисобланади. Орол давлат Кариб ҳавзасининг шарқий қисмида жойлашган.

Барбадос ҳақидаги асосий фактлар:

  • Кариб денгизи ҳавзасидаги аҳолиси энг кўп (287 минг киши) ва бой давлатлардан бири
  • Қиролича Елизавета II конституцион монарх ҳисобланади
  • Муқаддам мамлакат иқтисодиёти асосан шакарқамиш экспортига боғлиқ бўлган, аммо эндиликда хазинага пуллар туризм соҳаси ва молиявий хизматлардан ҳам келмоқда
  • Амалдаги бош вазир Миа Моттли 2018 йилда сайланган ва бу лавозимдаги илк аёл раҳбарга айланган
  • Барбадосга материкдаги энг яқин давлат Венесуэла бўлиб, унгача масофа 500 километр
  • Оролнинг номи испанча “Los Barbados” сўзидан олинган бўлиб, у “Соқоллилар” деган маънони англатади. Оролга бундай ном унда танаси эпифит ўсимлиги билан чирмаб олинган анжир дарахтларининг кўплиги ва бу эпифитлар соқол каби кўриниши боис берилган.
Миа Моттли мамлакат тарихидаги илк аёл бош вазир / GETTY IMAGES

Монархиядан воз кечиш ҳақидаги мунозаралар мамлакатнинг биринчи бош вазири Эррола Бэрроу давридаёқ бошланганди. 1998 йилда Конституциявий назорат бўйича комиссия Барбадосни республика деб эълон қилишни таклиф қилади.

Ушбу орол давлат - Кариб денгизи ҳавзасидаги республикага айланишга қарор қилган Британиянинг ягона собиқ мустамлакаси эмас. 1970 йилда Гайана (мустақилликдан тўрт йил ўтиб), 1976 йилда Тринидад ва Тобаго, 1978 йилда эса Доминика шундай қадам ташлаганди.
 

Кўпроқ янгиликлар