Қайд этилишича, 2020 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 19,4 млрд. доллар эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 34,0 фоизни ташкил этди.
Хусусан, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилнинг I ярим йиллигида давлат ташқи қарзи 1,6 млрд. долларга ёки йил бошига нисбатан 10,5 фоизга ошиб, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига 17,31 млрд. долларга ёки ЯИМга нисбатан 30,3 фоизга етди.
Шундан:
- Ҳукумат номидан жалб қилинган ташқи қарз - 11,6 млрд. доллар;
- Ҳукумат кафолатлаган ташқи қарз – 5,7 млрд. доллар.
Давлат ички қарзи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 21,6 трлн. сўмни (2,1 млрд. доллар) ёки ЯИМга нисбатан 3,7 фоизни ташкил этди.
Шундан:
- Ҳукумат номидан жалб қилинган ички қарз – 4,3 трлн. сўм (0,4 млрд. доллар);
- Ҳукумат кафолатлаган ички қарз – 17,3 трлн. сўм (1,7 млрд. доллар).
Маълум қилинишича, давлат қарзининг сўнги йиллардаги ўсиши динамикасига қарамай, халқаро меъёрларга кўра Ўзбекистон Республикаси давлат қарзи (ЯИМга нисбатан - 34,0 фоиз), шу жумладан давлат ташқи қарзи (ЯИМга нисбатан - 30,3 фоиз) мўътадил даражада сақланиб қолмоқда.
Ўзбекистон Республикаси давлат ташқи қарзи портфели валюта таркибининг 69,4 фоизи - доллар, 11,9 фоизи - япон иенаси, 10,7 фоизи – SDR (махсус қарз олиш ҳуқуқлари), 4,5 фоизи – евро, 3,5 фоизи - бошқа валюталардаги ташқи қарз ҳиссасига тўғри келади.
Давлат ташқи қарзининг кредиторлар кесимида тақсимланиши:
- Осиё тараққиёт банки - 3,9 млрд доллар;
- Жаҳон банки - 3 млрд доллар;
- Хитой эксимбанки - 2 млрд доллар;
- Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги - 1,7 млрд доллар;
- Хитой давлат тараққиёт банки - 1,3 млрд доллар;
- Халқаро инвесторлар - 1 млрд доллар;
- Ислом тараққиёт банки - 0,8 млрд доллар;
- Япония халқаро ҳамкорлик банки - 0,4 млрд доллар;
- Бошқа халқаро молиявий ташкилотлар - 3,2 млрд доллар.