Бугун Беларусда президент сайланади. Асосий интригалар

Жаҳон 08:28 / 09.08.2020 42915

Бу чиндан ўзгача сайлов бўладими?

Кўпчилик Беларусь президентлиги учун ўтадиган бу сайлов ўзгача бўлиши, Лукашенко унда ғолиб чиқиши қийин бўлишини айтмоқда. Аммо бу тўғри эмас. Лукашенкога қарши намойишлар биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. Аввал ҳам шундай бўлган. Масалан, 2001 йилги президентлик сайловларидан олдин ва кейин норозилик акциялари бўлиб ўтган. Шунчаки, интернет замони бўлган бугунги кунда воқеалар ривожи тўлиқлигича ёритилмоқда.

Номзодлар. 5 кишидан 2 нафари аёл

Бугунги сайловларда 5 нафар номзод рўйхатдан ўтказилган. Улардан икки нафари аёл киши. Қуйидаги номзодлар Беларусь президенти бўлиш учун кураш олиб боришади:

  1. Александр Лукашенко. Беларусь президенти. Мустақил номзод
  2. Сергей Черечень. Беларусь социал-демократлар партияси раҳбари.
  3. Анна Канопацкая. Беларусь вакиллар палатаси 6-чақириқ собиқ депутати. Мустақил номзод.
  4. Андрей Дмитриев. «Говори правду» бирлашмаси томонидан илгари сурилган номзод.
  5. Светлана Тихановская. Таржимон. Мустақил номзод.

Кўриб турганингиздек, бир қарашда Лукашенко учун сайлов жуда яхши ўтиши кўриниб тургандек, чунки «пичоққа илинадиган» номзодлар олдинроқ сафдан чиққанди. Сайловда президентга асосий номзод сифатида қаралган банкир Виктор Бабарико кўплаб айбловлар билан қўлга олинган. Энди у сайлов натижаларини қамоқхонадаги телевизорда кўришга мажбур. Бабарико номзодини кўрсатгач, одамлар уни қўллай бошлади. Бабариконинг давлатчилик ҳақида чиқишларидан кейин эса халқни унга овоз беришдан қайтариб бўлмай қолди. Одамлар Бабарико учун имзо беришга навбатда тура бошлашди. Маълум бўлишича, Бабариконинг номзоди учун 435 мингдан ортиқ имзо тўпланган.

Яна бир номзод Александр Лукашенкога жиддий рақобат туғдириши кутилганди. Бу – мухолифатчи ва тадбиркор Валерий Цепкало. Уни ҳам номзод сифатида рўйхатга олишдан бош тортишди. Худди Бабарико каби қўлга олинишидан қўрққан Цепкало чет элга, Россияга кетиб қолди. У Москвадан туриб сайлов ҳақида жуда кескин фикрлар билдирмоқда.

Бабарико ва Цепкалонинг сайлов кампаниялари бирлашган ҳолда Светлана Тихановскаяни қўллаб-қувватлашини маълум қилган. Бу эса номзод сифатида рўйхатдан ўта олмаган яна бир ишбилармон Сергей Тихановскийнинг рафиқасини жуда кўпчилик қўллаб-қувватлайди дегани. Беларусь Лукашенконинг 26 йиллик бошқарувидан кейин ўзгаришларга эҳтиёж сеза бошлади. Ахир раҳбариятга янги қон келиб туришининг қанчалик муҳимлиги давлатчилик тарихининг бошларидан ҳам маълум бўлган. Ҳатто АҚШдек буюк давлат асосчиси Жорж Вашингтон ҳам 8 йилдан кейин ўз ўрнини бўшатиб берган ахир.

Шу боис жуда кўп беларуслар янгиликка умид қилишди, бу учун ўз номзодларини танлашди, уларни қўллаб-қувватлай бошлашди. Бироқ халқ қўллаган номзодлар бирин-кетин рўйхатдан ўчирила бошланди. Шу боис ўзгариш истаётганларнинг ягона умиди сифатида айнан Светлана Тихановская қаралмоқда. Бу номзодни ҳам қайсидир маънода тинч қўйишаётгани йўқ.

Тихановская 8 август куни ватандошларига мурожаат қилиб, зўравонлик қилишдан тийилишга чақирди. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органларига юзланиб, «жиноий буйруқлар»га бўйсунмасликни сўради.

Бу мурожаатдан бироз ўтиб унинг сайлов кампанияси раҳбари Мария Морозни қўлга олишди.

Маҳаллий нашрларнинг хабар беришича, Светлана Тихановская ҳам қўлга олишларидан қўрқиб, ўз квартирасини тарк этган ва номаълум жойга яширинган. У аввалроқ ўз фарзандларини хорижга жўнатиб юборганди.

Светлана Тихановская ва Бабарико штаби раҳбари Мария Колесникова (чапдан ўнгга)
Фото: Наталия Федосенко/ТАСС

Шанба куни кечқурун Тихановскаянинг сафдошларидан бири - Бабарико штаби раҳбари бўлган Мария Колесникова ҳам қўлга олинди, аммо милиция кутилмаганда уни қўйиб юборган.

Асл ҳолат аниқ эмас. 3 фоиз ҳам, 70 фоиз ҳам ишончсиз

Охирги вақтларда «Лукашенко-3%» меми пайдо бўлганидан хабарингиз бўлса керак. Гап шундаки, интертенда ўтказилган сўровномалардан бирида амалдаги президентни мана шунча фоиз одамлар қўллаши кутилаётгани айтилди. Бироқ бу рақамларга ишониш қийин, чунки йиллар давомида тун-у кун пропаганда қидинадиган номзод бу қадар паст рейтингга эга бўлиши мумкин эмас. Ўз навбатида, расмий сўровларда унинг рейтинги 70 фоиз экани ҳақидаги маълумотга ҳам ишониб бўлмайди. Бугун Беларусдаги ҳолат шунчалик жиддийки, бутун дунё нашрлари бу мамлакатдаги хабарларни ҳар куни бериб бормоқда. Айниқса сайлов мавзуси кенг ёритилмоқда.

Бундай ишончсизлик пайдо бўлганининг асосий сабаблари сифатида жуда кўп постсовет давлатларида бўлгани каби Беларусда ҳам ижтимоий институтларнинг яхши ривожланмагани ва оддий ижтимоий сўров ўтказиш тизими шаклланмаганини келтириш мумкин. Айтайлик, АҚШда юзлаб ижтимоий сўроқ ўтказадиган ташкилотлар мавжуд ва улар прогнозларининг тўғри чиққанига қараб рейтингга эга бўлиб боради. Бу эса одамларнинг реал фикрини билиш имконини яратади. Масалан, Трамп ҳам бежизга сайловни кўчириш пайига тушгани йўқ, чунки ижтимоий сўровлар унинг Байденга ютқазаётганини кўрсатмоқда.

«Черноморсиз 33 паҳлавон» можароси. Лукашенконинг суверенитет назарияси

Сайлов арафасида Минскда ғалати ишлар содир бўлди. Россиянинг 33 нафар фуқароси қўлга олинди ва улар Россияда жойлашгани айтиладиган «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчилари экани айтилди. Табиийки, Россияда буни рад этишди. Лукашенко эса бу мамлакат суверенитетига дахл қилиш эканини қаттиқ ишонч билан айтиб келмоқда.

Маълумотлар ҳар қанча ишончли бўлмасин воқеа айнан сайлов арафасида содир бўлгани жуда ғалати. Табиийки, Лукашенко сайлов арафасида мамлакат чегараларини сақлаб қолиш ҳақидаги гапи билан сайловда ғолиб бўлишни ўйлаяпти, деганлар кўп бўлди. Бу воқеалардан кўп ўтмай Лукашенко «сиёсатчилар билан суҳбатлашишдан фахрланишини образли қилиб кўрсатадиган» украиналик журналист Дмитрий Гордонга интервью берди. Ҳар икки гапининг бирида қайси сиёсатчи биландир гаплашганини иддао қиладиган Гордон саволларни худди Лукашенконинг ичидагиларни ўқиб тургандек бердики, Беларусь етакчиси тўхтамай 3 соатга яқин гапирди.

Лукашенко айниқса Қрим ҳақидаги мулоҳазаларида мамлакатдаги аҳволни шундай ифодаладики, эшитган одам эртага Россия Беларусга бостириб кирса керак деб ўйлайди. Ваҳоланки, Виктор Бабарико бу ҳақда шундай деганди: «Шимолдан, жанубдан, ўнгдан, чапдан душман келади дейишади, лекин бундай бўлмаслигини ҳамма билади-ку. Унақа замонда яшамаяпмиз».

Трампникига ўхшаш тақдир

Александр Лукашенко олтинчи марта сайланишга ҳаракат қилмоқда / GETTY IMAGES

Коронавирус барча соҳага, жумладан сиёсатга ҳам таъсир қилди. Масалан, Италия бош вазири Контенинг карантин вақтида рейтинги ошди. Чунки одамлар унинг қилаётган ишларини тўғри баҳолашди. Бразилия президенти Боласанарунинг рейтинги эса «полгача тушиб кетди». Чунки у вирусни назарига илмай, мамлакатдаги вазият оғирлашиб кетишига сабабчи бўлди. АҚШ президенти Дональд Трампнинг рейтинги ҳам коронавирус сабаб тушиб кетган. Худду у каби коронавирусга беписандлик билан қараган Лукашенко ҳам бу борада беларусларнинг жаҳлини чиқари. Кейинчалик унинг ўзи ҳам вирусга чалинган маълум бўлди, у касалликни оёқда ўтказганини айтиб мақтаниб қўйди. Кейинроқ вирусни унга юқтиришган бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳам гап чиқарди.

Тўғри, Беларусь ҳукумати қараб тургани йўқ, касалларни даволади, вирусни енгишга ҳаракат қилди, лекин Лукашенконинг ҳоккей майдонида туриб «Қани вирус? Сиз кўряпсизми? Мен кўрмаяпман. Вирусдан ҳимояланишннинг энг яхши йўли арақ, ҳаммом ва ҳоккей» дегани унинг рейтингига салбий таъсир қилди.

Энди нима бўлади?

Беларусь сайловлари ҳақида гапирганда унинг жуда қизиқарли ўтишинигина тахмин қилиш мумкин. Натижа ҳақида эса ҳеч нарса деб бўлмайди. Лукашенко доимгидек, 70 фоиздан кўпроқ овоз олиб ғолиб бўлиши ҳақиқатга яқин, аммо мамлакат кўчаларига чиққан жуда кўплаб одамлар каби «Беларусь ўзгариши керак, ортга йўл йўқ», деб ўйлайдиганлар кам бўлмаса, Лукашенко 6-уринишда мағлуб бўлиши ҳам ҳеч гап эмас.

Шу ўринда, расмиятчилик учун баъзи маълумотларни эслаб ўтсак. Беларусь тарихида фақат битта президент бўлган ва бу Александр Лукашенко. У мамлакатни 1994 йилдан буён узлуксиз бошқариб келади. СССР тарқагач, Беларусни 3 йил давомида кенгаш бошқариб турган. Кейинчалик ўтказилган 5та сайловнинг ҳаммасида Лукашенко ғолиб бўлган. Беларусда президент 5 йил муддатга сайланади. Бугунги сайлов натижаси 19 августдан кеч бўлмаган вақтда эълон қилиниши керак. Лекин катта эҳтимол натижа бир кун ичида аниқ бўлади. Агар номзодлар керагича овоз ололмаса, 23 август куни сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилиши керак.

Светлана Тихановскаяни қўллаб, ўттиз мингдан ортиқ киши иштирокида акция уюштирилди / NATALIYA FEDOSENKO/TASS
Кўпроқ янгиликлар