Венгрия бош вазири ноқонуний муҳожирларни “биологик бомба”га қиёслади

Жаҳон 00:45 / 08.08.2020 2397

“Бош вазирнинг таъкидлашича, Венгрияга ноқонуний ёки назоратсиз кирмоқчи бўлаётган ҳар бир муҳожир Венгрия учун биологик ва тиббий хавф билдиради. Биз буни ҳар қандай йўл билан бартараф этишимиз лозим”, деб айтилган Венгрия ҳукумати сайтида жойланган баёнотда. Орбан юқорида келтирилган сўзларни Kossuth радиостанцияси эфирида айтиб ўтган.

Унинг таъкидлашича, ҳар бир ноқонуний муҳожирни “инфекциянинг эҳтимолий тарқатувчиси” сифатида баҳолаш керак.

Орбаннинг айтишича, унинг “кескин баёноти” ҳуқуқ ҳимоячиларига қаратилган. У, шунингдек, ички ишлар вазирлигидан полиция ходимлари ва ҳарбийлар чегарани ноқонуний кесиб ўтишга ҳар бир уринишнинг олдини олишларини сўраган, чунки айни вақтда муҳожирлар ҳам аҳоли соғлиғига хавф солади. 

“Биз миграция ва коронавирус эпидемияси ҳақида бир вақтда гапирганда, гўёки ҳар бир муҳожир “биологик бомба” ҳисобланиши каби тасаввур ҳосил қилмаслигимиз лозим. Бироқ аслида эса улардан баъзилари шундайлар [“биологик бомба”] ва муаммо шундаки, айнан ким шундай эканлигини аниқлашнинг йўли йўқ”, деб таъкидлаб ўтган Орбан.

Бош вазирнинг маълум қилишича, Венгрия Европа иттифоқидан коронавирусга қарши вакцинадан 5 млн доза буюртирган. 

Охирги маълумотларга кўра, Венгрияда коронавирусга чалинганлар сони 4,6 мингдан ошиб кетган. Жумладан, вирусдан 602 киши вафот этган, 3,4 мингдан кўпроқ бемор соғайиб кетган.

Кўпроқ янгиликлар