Термизда ЙПХ ходимининг талабига бўйсунмай қочишга уринган такси ҳайдовчиси тез ёрдам машинаси билан тўқнашди

Жамият 01:16 / 08.08.2020 27101

7 август куни ижтимоий тармоқларда такси ҳайдовчиси ЙПХ ходимини машина капотида олиб кетаётгани акс этган видеолар тарқалди. ЙҲХББ ҳолат бўйича маълумот берди.

Қайд этилишича, ҳодиса 7 август куни Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида содир этилган.

«Вилоят ИИБ Пост-патруль хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ППХ батальони 1-отряд сафдор ходими Ш.Раҳимов ҳамда вилоят ИИБ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати отряди 1-сафарбар гуруҳи инспектори сафдор Ш.Назаровлар тасдиқланган режага асосан Термиз шаҳри И.Каримов кўчасида хизмат олиб бораётган вақтида «Матиз» русумли автомашина светофорнинг тақиқланган чироғида ҳаракатланиб келгани учун тўхтатилади.

ЙПХ ходими ўзини таништириб, ҳайдовчидан автомашинани четга олишини ва ҳужжатларини тақдим этишини сўрайди. Шунда ҳайдовчи ЙПХ ходимининг қонуний талабига бўйсунмасдан йўлини тўсиб чиққан ППХ ходимининг устига қараб ҳаракатланади. 1983 йилда Термиз шаҳрида туғилган ҳайдовчи У.К. ППХ ходими машинасининг капотига осилиб қолганига қарамай ҳаракатни давом эттиради», дейилади ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан эълон қилинган ахборотда.

ЙҲХББ томонидан тақдим этилган видеода қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб кетаётган «Дамас» ҳайдовчиси «Матиз»нинг йўлини тўсиб қўйиб, такси ҳайдовчисининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйишга ҳаракат қилгани, бироқ «Матиз» ҳайдовчиси унга чап бериб ҳаракатни давом эттирганини кўриш мумкин. Маълум бўлишича, ППХ ходими тезлик пасайганидан фойдаланиб, машина капотидан тушиб олишга муваффақ бўлади.

Таъкидланишича, «Матиз» кўп ўтмай Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига тегишли бўлган «Дамас» русумли тез ёрдам машинаси билан ЙТҲ содир этади.

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ўтказилаётганини маълум қилган.

Кўпроқ янгиликлар