Ўзбекистонда блогерларнинг аккаунтларини бузишга уринишлар бўлмоқда. Комил Алламжонов буни сўз эркинлигига таҳдид деб баҳолади

Ўзбекистон 03:04 / 08.08.2020 9744

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди раҳбари Комил Алламжонов Ўзбекистонда блогерларнинг Telegram аккаунтларини бузиб киришга уринишлар бўлаётганини қоралаб чиқди.

Унинг сўзларига кўра, мазкур ҳаракатларни тўғридан тўғри сўз эркинлигига таҳдид деб баҳолаш мумкин.

«Куни кеча бир неча блогерларнинг Telegram тармоғидаги аккаунтини бузишга уринишлар бўлгани ҳақида ёзишди. Буни ким, нима мақсадда қилгани ҳозирча аниқ эмас, лекин буни бевосита ОАВ ва блогерларга, сўз эркинлигига таҳдид сифатида баҳолаш мумкин», – деб ёзади Алламжонов Telegram`даги каналида.

Масс-медиа фонди раҳбарининг таъкидлашича, бу йўл билан ОАВ ва блогернинг «овозини ўчиришга» уриниш билан ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди, ҳозирги технологиялар асрида информацияни сунъий йўл билан тўсишнинг имкони йўқ.

«Энг маъқул йўл эса, жамиятга кўзгу тутиб турган ОАВ ва блогерлар кўтариб чиқаётган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш орқали вазиятни йўлга солишдир. Бунда журналист ва блогерларни душман билмасдан, уларни дўстдек қабул қилишга кўникишимиз керак. Дўстларнинг Telegram аккаунтлари эса «взлом» қилинмайди», – деган Комил Алламжонов.

У бу борадаги фикрларини тўлиқроқ баён этган видеони илова қилган.

«Нега ОАВнинг овозини ўчириш керак ёки булар назоратда бўлиши керак, деган фикр бўлади? Чунки улар одамлар орасидаги муаммоларни кўтариб чиқади. Бизда эса муаммони ҳал қилиш ўрнига, уни кўтариб чиққанларнинг овозини ўчиришга ҳаракат қилинади. Лекин муаммо бор-ку барибир?

[…] Кўпинча айтишади: «Муаммоларни жуда бўрттириб ёзяпти, яхши маълумотларни жуда кам беришяпти». Битта нарсани инобатга олиш керак: матбуотнинг вазифаси асосан муаммоларни кўтариш, халқ дардини олиб чиқиш. Шундай экан, улар ҳар доим ҳам яхши ёки мақтов материалларни бера олмайди.

Тўғри, журналист ва блогерларда холислик, этика бўлиши муҳим. Бу борада камчиликлар бўлиши мумкин, лекин уларнинг овозини пасайтиришга уринишдан кўра бу билан ишлаган маъқулроқ. Чунки уларнинг овози пасайгани билан муаммолар бор экан, бу муаммолар ҳақидаги хабарлар у ёки бу йўллар билан, аноним шаклда ҳам чиқиб келаверади. Telegram`да ҳозир минглаб ҳар хил каналлар бор. Телефон бор эканки, фуқаролардан информацияни яширишнинг иложи йўқ», – дейди Алламжонов.

У бирор бир ижтимоий тармоқни блоклашдан фойда йўқлиги, фойдаланувчилар тармоқдан VPN орқали фойдалана бошлашлари, натижада VPN ўрнатган фойдаланувчиларда блокланган ижтимоий тармоқдан ташқари минглаб тақиқланган сайтлар (террористик, экстремистик, порнографик, қурол-яроғ савдосига алоқадор ресурслар)га кириш имконияти ҳам пайдо бўлишини таъкидлайди.

Комил Алламжоновнинг фикрича, давлат ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва блогерлар билан тўғри ишлашни ўрганиши керак.

«Қонунларимиз шундоқ ҳам жуда мукаммал, шу қонунлар ишлаши керак. Амалиётда журналистика этикасига пухта риоя этилишига эришиш керак. Энг асосийси, очиқлик бўлиб, журналистлар кўтарган муаммога зудлик билан эътибор қаратилса, масала жуда оддий ҳал бўлади.

Албатта, журналист ва блогерлар фаолияти ҳам камчиликлар етарли. Ҳис-ҳаяжонга берилиш, масалага бир томонлама ёндашиш ёки ёлғон маълумотлар бериш... Лекин буларнинг ҳаммаси – агар ишланса, ҳал бўладиган масалалар», – деган функционер.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда бир ойдан ошиқроқ вақтдан буён Facebook ижтимоий тармоғига киришда сезиларли муаммолар пайдо бўлган. Ҳозирга қадар мутасадди ташкилотлар томонидан бу масала юзасидан расмий изоҳ билан чиқилгани йўқ.

Маълумот ўрнида, сўнгги ҳафталар давомида Kun.uz сайти жойлашган серверларга турли ҳужумлар одатдагидан кўпайгани кузатилди.

Кўпроқ янгиликлар