Байрутга аммиак селитрасини олиб борган кеманинг тақдири ойдинлашди

Жаҳон 10:56 / 08.08.2020 18613

The New York Times хабарига кўра, кема 2018 йил бошида чўкиб кетган. Журналистлар спутникдан олинган фотосуратлар, кемалар ҳаракати ҳақидаги маълумотларни ўрганиб, шундай хулосага келишган. 

Кема 2013 йили Грузиянинг Батуми портидан 2,7 минг тонна аммиак селитраси билан Мозамбикка қараб йўлга чиққан. Химиявий модда Rustavi Azot L.L.C. компаниясига тегишли бўлган. 

Кема Байрутга режадан ташқари кириб борганида, техник носозликлар сабабли полиция томонидан ушланган. Спутникдан олинган фотосуратларга кўра, 2015 йилга келиб кемада ҳеч қандай юк қолмаган. 2018 йил февраль ойида портнинг шимолий қисмида турган кема чўка бошлаган ва бир неча кун ичида сув остида ғарқ бўлган. 

Байрутга етказилган селитра кема чўкиб кетган жойдан 450 метр узоқликдаги омборда сақланган.

Аввалроқ, Байрутдаги жуда кучли портлашга сабаб бўлган аммиак селитраси юки хабаровсклик Игорь Гречушкинга тегишли Rhosus кемасидан конфискация қилингани, сўнгра тадбиркор банкрот бўлиб, кемани ташлаб кетгани, унинг бортида ишлаётган россиялик ва украиналик денгизчилар эса 1 йил давомида мамлакатда қолиб кетишгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Байрут портидаги кучли портлаш 4 август куни содир бўлди. Натижада, шаҳарга жуда катта зарар етказилди, 4 мингдан ортиқ одам жабрланди, 300 мингдан ортиғи уйларидан маҳрум бўлди, 100дан ортиғининг жасади топилди.

Кўпроқ янгиликлар