Тўйларни 30 кишилик тартибда ўтказишни доимий сақлаб қолиш таклиф қилинди

Жамият 08:33 / 05.08.2020 77815

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида тўй маросимларини 30 кишилик тартибда ўтказилишини доимий сақлаб қолиш ҳақида петиция жойлаштирилди.

“Ижтимоий тармоқларда “яшил” ҳудудларда 30 кишилик тўйларни ўтказишга рухсат берилганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Кўпчилик тўйлардаги бундай чегара карантиндан кейин ҳам сақланиб қолишини хоҳламоқда”, - деб ёзади мурожаат муаллифи. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қўшма қарорида белгиланган тўйларга 200 кишидан ортиқ меҳмон чақирмаслик ҳақидаги қоидани “30 кишилик” деб ўзгартириш таклиф қилинган.

“Тўй тараддудида юрганларнинг кўпчилиги шу кунларда тезроқ тўйини ўтказишга шошилаётгани сир эмас. Ёшлар ҳам бунга қаршилик қилаётгани йўқ. Тўйларни ихчам, дабдабабозлик ва исрофгарчиликларсиз ўтказишни ҳамма хоҳлайди. 

Аммо, бирор қонун ёки қарор билан тасдиқланмаса, 200 кишига тўй қилинаверади. 200 кишилик тўйларга кетадиган сарф-харажат 500-600 кишилик тўйларникига тенг бўлиб қолади. Тўй қиламан деб қарзга ботиб, эртаси куни куёв бола ёки унинг отасининг хорижга кетаётганлик ҳолатлари ҳам кам эмас. Ҳатто, бунинг ортидан жиддий касалликлар орттириб олинаётган ҳолатлар ҳам мавжуд. Абдулла Авлонийнинг юз йил олдин ёзиб қолдирган “Ўзбек халқини тўй балосидан қутқаринг” деган сўзлари бугунги кунимиз учун ҳам айни ҳақиқатдир. 

Тўй қилиш, буни кўпчиликка маълум қилиш яхши, лекин бу оиланинг келажагига ёмон таъсир ўтказади. Шу тўйга аталган пулларга ёшларни уй-жой билан таъминлашга, оиласининг молиявий аҳволини яхшилашга, таълим олишига шароит яратиб берсак, қанчалик бахтиёр оилани тузган бўламиз. Қанчадан-қанча оилалар иқтисодий аҳволи туфайли ҳозир тўй қила олмаяпти. Менимча, 30 кишилик тўйни доимий қилиш вақти келди”, - дейилади петицияда.

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қўшма қарорида белгиланган тўйларга 200 кишидан ортиқ меҳмон чақирмаслик ҳақидаги қоидани “30 кишилик” деб ўзгартириш таклиф қилинган.

Кўпроқ янгиликлар