Банк фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги НҲҲ битта ҳужжатга бирлаштирилди

Ўзбекистон 11:42 / 05.08.2020 1357

Марказий банкнинг лицензиялаш ва рухсат бериш тартиботи департаменти бошқарма бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Йўлдошев қабул қилинган ҳужжатни шарҳлаб берди, деб ёзади Norma
 
Низом банк фаолияти соҳасидаги рухсат бериш ва лицензиялаш тартиб-таомилларини янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида» ҳамда «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунларнинг талабларига мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Ҳужжат мазкур соҳани тартибга соладиган бир нечта норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мақбуллаштирган ва ўзида мужассамлаштирган.
 
Низомда қуйидаги масалалар тартибга солинган:

банкларни ташкил этиш ва банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш;

банк акцияларини сотиб олишга дастлабки рухсатномани олиш;

банкларнинг кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзоларини, шунингдек муҳим аҳамиятга эга ходимларини баҳолаш;

банкларнинг алоҳида бўлинмаларини (филиаллари ва офисларини) очиш ва ёпиш;

банк уставига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш;

банкларни қайта ташкил этиш ва тугатиш.
 
Низомда муассислар ва потенциал олувчилар, банкнинг кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, шунингдек муҳим аҳамиятга эга ходимлари мувофиқ келиши керак бўлган аниқ мезонлар белгиланган.
 
Банклар молиявий операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган қарорларни мустақил равишда қабул қиладилар. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари уларнинг фаолиятига, шу жумладан банкларнинг кредит портфели ва активларини шакллантириш, раҳбар ходимларни тайинлаш билан боғлиқ тадбиркорлик таваккалчиликларини бошқаришга аралашиши, шунингдек банк маблағлари ҳисобидан турли хил тўлов ва бадалларни талаб қилиши тақиқланади.
 
Банклар томонидан амалга ошириладиган молиявий операцияларга қуйидагилар киради:

омонатлар (депозитлар)га пул маблағларини жалб қилиш;

тўловларни амалга ошириш, шу жумладан банк ҳисобварақларини очмаган ҳолда;

жисмоний ва юридик шахсларнинг банк ҳисобварақларини, шу жумладан банкларнинг корреспондент ҳисобварақларини очиш ва юритиш;

қайтаришлилик, тўловлилик ва муддатлилик шартларида ўзининг ва жалб қилинган маблағлар ҳисобига ўз номидан кредитларни бериш;

нақд ва нақд пулсиз шаклдаги чет эл валютаси билан боғлиқ операциялар;

қимматбаҳо металлардан ясалган тангаларни сотиб олиш ва сотиш;

молиявий дастаклар ҳосилалари (деривативлар) билан операцияларни амалга ошириш;

лизингга бериш ва бошқалар.
 
Банкни давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ амалга оширилади. Ариза берувчи давлат рўйхатидан ўтиш ва лицензия олиш учун банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани олганидан кейин олти ойдан кечиктирмасдан барча зарур ҳужжатларни Марказий банкка тақдим этиши керак.
 
Банк фаолияти хавфсиз амалга оширилиши таъминланганда ҳамда омонатчилар ва кредиторларнинг манфаатлари ҳимоя қилинишини, шунингдек банк тизими лозим даражада фаолият юритишини кафолатловчи корпоратив бошқарув талабларига риоя этилганда Марказий банк ижобий қарор қабул қилади.
 
Барча зарур ҳужжатлар билан бирга ариза олинган кундан бошлаб бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда банкни давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш ҳақида қарор қабул қилинади. Лицензия берганлик учун банк устав капитали минимал миқдорининг 0,1%и миқдорида давлат божи ундирилади. МБнинг расмий веб-сайтида банк рўйхатдан ўтказилгани ва унга лицензия берилгани ҳақида ахборот берилади.
 
Юқори капитал ва кредит рейтинги кўрсаткичларига эга бўлган чет эл банклари ҳамда бошқа кредит ташкилотлари, шунингдек халқаро молия институтларининг инвестициялари маҳаллий банк тизимига оқиб келишини рағбатлантириш мақсадида Низомда банкни ташкил этишда ёки банкнинг устав капиталида иштирок этишда ушбу ташкилотларга дастлабки рухсатнома беришнинг алоҳида соддалаштирилган тартиби назарда тутилган.
 
Ҳужжат 1.10.2020 йилдан кучга киради.

Кўпроқ янгиликлар