«Божхонада оворагарчилик, имтиёзлар ҳануз қонунийлаштирилмаган» – кислород концентраторларини импорт қилаётганлар мавжуд муаммолар ҳақида 

Ўзбекистон 11:50 / 04.08.2020 7104

20 июль куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида олиб борилаётган ишларнинг чуқур танқидий таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб келиш учун махсус самолёт ажратиш ҳақида кўрсатма берганди.

«Чет давлатларда ўпка яллиғланган ҳар бир бемор учун зудлик билан кислород концентраторларига махсус ниқоблар кийгизиш орқали ҳаво олишини енгиллаштириб, қўлига пульсоксиметр тақилмоқда ва бу билан беморнинг нафас етишмовчилиги бартараф қилинмоқда. Бунинг учун, агар керак бўлса, махсус самолёт ажратилиши, тадбиркорлар томонидан кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб кириш тартиб-таомилларини енгиллаштириш чоралари кўрилиши лозим», деганди президент.

Шундан кейин Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистонга дори воситалари ва тиббий буюмларни, жумладан, кислород концентраторларини импорт қилиш жараёни соддалаштирилди.

Лекин Kun.uz таҳририятига мурожаат этган хайрия ташкилотлари ва тадбиркорлар кислород концентраторлари импорти ҳамон қийинчилик билан кечаётганидан шикоят қилишди.

Ҳусан Раджаматов, BRIKET PLUS MCHJ ходими:

«Аэропортда шартнома тузиш учун бир кун кетди, чунки шартнома тузиш бўлимида эртага келишни сўрашди, гўё ўша куни шартнома тузиш имкони йўқдек. Йўқотилган вақт мобайнида қанча одамнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин, ахир. Божхонада эса кислород концентраторлари учун божхона тўловларини донада эмас, килограммда ҳисоблашди. Базавий ҳисоблаш нархини эса баланд белгилашди негадир. Ҳолбуки, пастроқ белгилаш ҳам мумкин эди. Оқибатда биз олиб келган бу товарнинг якуний нархи ошди.

Пульсоксиметрларни божхона назоратидан мустақил муомалага чиқариш учун гигиеник сертификат зарур экан. Мазкур тиббий аппарат сатурация ва пульсни ўлчайди. Гигиеник сертификат нега керак унга, тушунмадик. Кейин, негадир божхона расмийлаштируви учун 0,2 фоиз эмас, 1,2 фоиз олиш кўзда тутилибди. Аппаратларимиз аввалида божхонада туриб қолди, фақатгина Kun.uz сайти мухбири ҳамда Божхона қўмитасидан Нурбек ака Саломовнинг аралашуви билан биз маҳсулотимизни божхонадан тез фурсатда чиқариб олишимиз мумкин бўлди.

Пандемия пайтида кислород концентратори ва пульсоксиметрларнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширишда ҚҚСни олиб ташлаш лозим. Нафақат божхона расмийлаштируви пайтида, балки реализация пайтида ҳам солиқ ундирилмаслиги керак, чунки бу охир-оқибат ушбу товарларни сотиб олаётган, уйида бемор сақлаётган оилалар учун қўшимча харажатларни келтириб чиқаради».

Комолиддин Икромов, тадбиркор, Ўзбекистон агробизнес ассоциацияси ҳаммуассиси ва раҳбари:

«Бошидан айтиб берай. Пандемия кучайиб, одамлар кислород концентраторларини излаб қолганини кўриб, биз тадбиркорлар ва хайрия ташкилотлари бирлашдик, эзгу мақсадда шу аппаратларни чет элдан олиб келишни мақсад қилдик. Вазифаларни ўзаро бўлиб олдик: кимдир техника қийматини, кимдир йўлкирани, кимдир олиб келишни, волонтёрлар эса аппаратларни керакли жойларга етказиб беришни зиммасига олди.

Комолиддин Икромов

Аввало Хитойда кислород концентраторларини харид қилишда нималарга эътибор қаратиш кераклигини айтай:

  • кислород концентраторларини ишлаб чиқарадиган корхона «оқ рўйхат»да эканлигига эътибор қилиш керак. Яна ҳам яхшироқ бўлади, агарда корхона CE – Европа сертификати ёки FDA – Америка озиқ-овқат ва дори-дармон хафвсизлиги агентлиги сертификатига эга бўлса. Яъни корхона яхши маҳсулот ишлаб чиқаришига, маҳсулоти тақиққа учрамаганлигига амин бўлишингиз керак;
  • маҳсулотни текшириб олиш керак, сифатсиз маҳсулот қўшилиб қолмасин;
  • Хитойда ҳужжатларни тайёрлаб берадиган брокерлар бор, уларга кетадиган харажатларни ҳам ҳисобга олиш керак.

Энди дуч келган муммоларимиз ва уларнинг ечимлари ҳақида:

  • Маҳсулотни самолётга юклаш, ватанимизга жўнатишимиз муаммоли бўлди. Хусусан, кейинги рейсни кутиб қолдик. Шу боис қўшимча рейслар қўйилса айни муддао бўларди. Ва бунда самолёт тўлмай қолишини ҳам муаммо деб билмаслигимиз керак, зеро бу аппаратлар беморлар учун ҳозирда ҳаёт-мамот масаласи.
  • Божхонада кислород концентраторларимиз ҚҚСга тортилишини айтишди. Суриштирсак, кислород концентратори солиқдан озод қилинган тиббий техникалар рўйхатига киритилмаган экан, ҳолбуки киритилиши керак эди. Фақатгина ОАВ ва Божхона қўмитаси мансабдорига мурожаатимиздан сўнг ҚҚСни тўлашни 120 кунга кечиктиришди. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бундай кечиктириш масалани ҳал этмайди – маҳсулотни сотиш пайтида ҚҚС барибир истеъмолчининг гарданига тушади. Пандемия пайтида эса бу тўғри бўлмайди.

Кислород концентраторларини ҳозирда қанча кўп олиб келсак, шунча яхши: бемори бор оилаларга кўпроқ етиб боради, сотувдаги нархи тушади, моддий имконияти юқори бўлмаган тоифа ҳам харид қила олади. Бизнинг жамоа биринчи сафар 1000 дона кислород концентратори олиб келтирдик, 200 донасини хайрия тарзида хайрия ташкилотларига ҳамда вилоятларга жўнатдик. Яна 1000 дона олиб келишни режалаштирмоқдамиз.

Тадбиркорларга қарата яна шуни айтмоқчимизки, бирлашиб ҳаракат қилмоқ керак, шунда қийинчиликлар камроқ бўлади». 

Кўпроқ янгиликлар