ССВ: Ўзбекистонда яна 774 киши вирус юқтирди, 835 киши соғайди. Жами ҳолатлар 25 мингга яқинлашмоқда

Ўзбекистон 00:11 / 02.08.2020 34357

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 1 август куни мамлакатда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 774та янги ҳолат аниқлангани ҳақида хабар берди. Бу – ҳозиргача кузатилган энг юқори кунлик ўсиш.

Шу билан бирга, кун давомида COVID-19`дан тузалганлар сони бўйича ҳам рекорд янгиланди – 835 бемор касалликдан фориғ бўлди.

Вазирлик яна 5та ўлим ҳолати ҳақида хабар берди, уларнинг барчаси – Тошкент шаҳрида рўй берган.

Эндиликда ССВ статистикасига асосан, жами ҳолатлар сони 24 783, тузалганлар 15 299 нафар, вафот этганлар камида 147 кишини ташкил этмоқда.

Янги ҳолатлар (+774)

774та янги ҳолатнинг барчаси «коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлгани сабабли намуна олинган фуқаролар орасида» аниқланган.

14та ҳудудий бирликнинг 10тасида янги зарарланиш ҳолатлари қайд этилди.

  • Тошкент шаҳри – 484
  • Тошкент вилояти – 190
  • Андижон вилояти – 22
  • Бухоро вилояти – 21
  • Қашқадарё вилояти – 18
  • Сирдарё вилояти – 16
  • Фарғона вилояти – 13
  • Навоий вилояти – 4
  • Сурхондарё вилояти – 4
  • Қорақалпоғистон – 2

Тузалганлар (+835)

Ўзбекистонда кетма-кет олтинчи кун соғайиш бўйича рекорд янгиланмоқда. 1 августда 11та ҳудудда жами 835 кишининг тузалгани маълум бўлди.

  • Тошкент шаҳри – 396
  • Тошкент вилояти – 184
  • Бухоро вилоятида – 98
  • Сурхондарё вилояти – 36
  • Андижон вилояти – 32
  • Самарқанд вилояти – 30
  • Қашқадарё вилояти – 17
  • Наманган вилояти – 15
  • Сирдарё вилоятида – 14
  • Навоий вилояти – 5
  • Жиззах вилояти – 4
  • Фарғона вилояти – 4

Даволанаётганлар ва оғир аҳволдаги беморлар

Расмий статистикага кўра, касаллик қайд этилган жами 24 783 бемордан 15 299 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 61 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда коронавирус инфекциясидан 9 337 киши даволанмоқда.

Улардан 592 нафарининг аҳволи оғир, 185 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Қурбонлар (+6)

ССВ 1 август куни Қорақалпоғистон Республикаси раҳбари Муса Ерниязовнинг вафотини тасдиқлаб, ундан ташқари коронавирусдан яна 5та ўлим ҳолати ҳақида хабар берди.

Бешала ҳолат ҳам Ўзбекистонда коронавирус ўчоғи бўлиб турган пойтахт Тошкент шаҳрида қайд этилган, барча ҳолатлар ёши 50дан ошган беморлар билан боғлиқ.

Вазирлик расмий статистикасида ўлим ҳолатлари сони 147тага етди. Аммо бу ҳисобдан Ўзбекистондаги барча ўлим ҳолатлари ҳам ўрин олаётгани йўқ.

1 август куни Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов 58 ёшида коронавирус асоратларидан вафот этди. Шунингдек, Тошкент вилоят суди судьяси Хайриддин Шермуҳамедов 31 июль куни, 53 ёшида пандемия қурбони бўлгани маълум бўлди. Ушбу икки ҳолат бўйича ССВ ахборот берганича йўқ.

Биринчи ўлим. 26 июль куни Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси реанимация бўлимига ётқизилган 75 ёшли эркак вафот этди.

Тошкент шаҳри Сергели туманида яшаган 75 ёшли К.Х. (эркак)да жорий йил 26 июль куни COVID-19 инфекцияси тасдиқланган ва оғир ҳолатда Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги каби асоратлар билан кечган.

Шунингдек, юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Реанимацион муолажаларга қарамасдан, беморнинг аҳволи асосий касаллик ҳисобига кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Иккинчи ўлим. 20 июль куни Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган 67 ёшли аёл вафот этди.

Тошкент шаҳар Олмазор туманида яшаган 67 ёшли М.Т. (аёл)да 12 июль кунидан тана ҳарорати кўтарилган, уй шароитида даво муолажаларини олган. 20 июль куни эса нафас етишмовчилиги белгилари кучайиб, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Беморда юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия, семизликнинг 3-даражаси каби ҳамроҳ касалликлар ҳам бўлган.

Бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Учинчи ўлим. 15 июль куни Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган 59 ёшли аёл вафот этди.

Тошкент шаҳар Яккасарой туманида яшаган 59 ёшли М.М. (аёл)да 15 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган. Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдром, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, полиорган етишмовчилик, ўткир буйрак етишмовчилиги каби асоратлар билан кечган.

Беморда 2014 йил буйрак трансплантацияси амалиёти бажарилган бўлиб, 2017 йилда кўчириб ўтказилган буйрак ўз вазифасини бажаришдан тўхтаган ва у доимий гемодиализ олиб юрган. Шунингдек, унда қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия, сурункали буйрак етишмовчилиги, семизликнинг 3-даражаси каби ҳамроҳ касалликлар ҳам бўлган.

Бемор ўткир нафас, юрак қон-томир ҳамда полиорган етишмовчилигидан вафот этган.

Тўртинчи ўлим. 20 июль куни Зангиотадаги ихтисослаштирилган шифохонага ётқизилган 67 ёшли эркак вафот этди.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида яшаган 67 ёшли Қ.Н. (эркак)да 20 июль COVID-19 тасдиқланган ва нафас етишмовчилиги белгилари кучайиб, Зангиота туманидаги ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Бундан ташқари, бемор юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Бешинчи ўлим. 25 июль куни Зангиотадаги ихтисослаштирилган шифохонага ётқизилган 64 ёшли эркак вафот этди.

Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшаган 64 ёшли А.Т. (эркак)да 25 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва Зангиота ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига кун давомида тана ҳарорати кўтарилиб нафас етишмовчилиги кучайгани сабабли ётқизилган.

Беморга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши ва икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик нафас етишмовчилигининг 3-даражаси ҳамда ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Беморда юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензиянинг 3-даражаси ва семизликнинг ҳам 3-даражаси каби ҳамроҳ касалликлар ҳам бўлган.

Бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Кўпроқ янгиликлар