АПЛ якунланди. Еврокубокларга чиққан ва лигани тарк этганлар маълум бўлди

Спорт 03:35 / 27.07.2020 10874

Англия чемпионатида мавсум якунланди. Чемпион номи олдинроқ аниқ бўлганди, аммо охирги тургача кўплаб интригалар сақланиб қолганди.

Хусусан, ЕЧЛга чиқадиган жамоалар номи 38-тургача маълум эмасди. Охирги турда «Лестер»ни енгган «МЮ» ниҳоят Чемпионлар Лигасига чиқди. Шунингдек, мавсумни «Вулверҳэмптон»ни енгиб якунлаган «Челси» ҳам ЕЧЛда ўйнайдиган бўлди. «Лестер» ва «Тоттенҳэм» Европа Лигасида қатнашади. Моуриньо бошчилигидаги «Тоттенҳэм» йўлланмани охирги турда қўлга киритди.

Фото: Twitter/PremierLeague

Англия Кубоги финалида ҳам Европа Лигасида қатнашадиган яна бир жамоа номи аниқ бўлади. Мавсумни 8-ўринда якунлаган «Арсенал» финалда «Челси»ни енгса, еврокубокларда ўйнайди, акс ҳолда «Вулверҳэмптон» Европа Лигасига чиқади.

Фото: Twitter/PremierLeague

АПЛни тарк этадиган жамоалар номи ҳам охирги тургача мавҳумлигича қолаётганди. Бу турда «Вест Ҳэм»га ютқазмаган «Астон Вилла» АПЛда қолди. «Борнмут» ва «Уотфорд» эса  «Норвич»га қўшилиб мусобақани тарк этди. Чемпионшипдан АПЛга «Лидс» ва «Вест Бромвич» чиққан. Учинчи жамоа номи саралаш ўйинларидан кейин аниқ бўлади.

АПЛ жорий мавсумида «Лестер» ҳужумчиси Жейми Варди тўпурар бўлди. У 23та гол билан 33 ёшида фаолиятида илк марта АПЛ «Олтин бутса»сини қўлга киритди. Охирги турда иккита гол урган Пьер-Эмерик Обамеянг ва «Саутҳемптон» ҳужумчиси Дэнни Ингслар 22та гол билан иккинчи бўлишди.

Бу мавсумда ниҳоят Тьери Анрининг 2002/03 йилги мавсумда ўрнатган ассистлар бўйича рекорди такрорланди. Ўшанда француз мавсум давомида 20та голга ассистентлик қилганди. «Манчестер Сити» яримҳимоячиси Кевин Де Брюйне 38-турга келибгина Анрининг 17 йил олдинги рекордини такрорлади.

38-турда «Ньюкасл»ни енгган «Ливерпуль» мавсумдаги 32-ғалабасини қўлга киритди ва бу борада «Манчестер Сити» 2018 йил ўрнатган АПЛ рекордини такрорлади. Ўз навбатида бу «Ливерпуль» учун клуб рекорди ҳисобланади. Клуб ҳатто чемпионат ўйинлари 42та баҳсдан иборат бўлганда ҳам бу қадар кўп ғалаба қозонмаганди. Дарвоқе, бу баҳсда «Ливерпуль» АПЛ ўйинларидаги ўз дарвозасига киритилган энг тезкор голни ўтказиб юборди. Ўз вақтида «Кристал Пэлас» либосида «Ливерпуль»ни чемпионликдан маҳрум қилган Дуайт Гейл 25-сониядаёқ Алиссон дарвозасига гол урди.

АПЛ. 38-тур (охирги)

Вест Ҳэм – Астон Вилла 1:1
Голлар: Ярмоленко (85) – Грилиш (84).

Саутҳемптон – Шеффилд 3:1
Голлар: Адамс (50, 71), Ингз (84, пенальти) – 26 Ландстрем (26).

Ньюкасл – Ливерпуль 1:3
Голлар: Гэйл (1) – ван Дейк (38), Ориги (59), Мане (89).

Манчестер Сити – Норвич 5:0
Голлар: Габриэл Жезус (11), де Брюйне (45, 90), Стерлинг (79), Маҳрез (83).

Лестер – Манчестер Юнайтед 0:2
Голлар: Бруну Фернандеш (71, пенальти), Лингард (90+8).

Эвертон – Борнмут 1:3
Голлар: Кин (41) – Кинг (13, пенальти), Соланке (45), Станислас (80).

Кристал Пэлас – Тоттенҳэм 1:1
Голлар: Шлупп (53) – Кейн (13).

Челси – Вулверҳэмптон 2:0
Голлар: Маунт (45+1), Жиру (45+4).

Бёрнли – Брайтон 1:2
Голлар: Вуд (44) – Биссума (20), Коннолли (50).

Арсенал – Уотфорд 3:2
Голлар: Обамеянг (5, пенальти, 33), Тирни (24) – Дини (43, пенальти), Уэлбек (66).

Кўпроқ янгиликлар