«UzReportTV» Про-лига ўйинлари трансляция ҳуқуқини қўлга киритди

Спорт 16:30 / 15.07.2020 7264

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ҳамда «UzReportTV» ўртасида Про-лига мусобақасининг медиа ва тижорат ҳуқуқлари бўйича шартнома имзоланди. Мазкур шартнома 2024 йилнинг 31 декабрига қадар амал қилади. 4 йил давомида «UzReportTV» Про-лига ўйинлари трансляцияси ҳуқуқига эгалик қилади. Бу ҳақда ПФЛ расмий сайтида эълон қилинди.

«UzReportTV» футбол ишқибозларининг миллий футболимизга бўлган қизиқишларидан келиб чиқиб ЎзПФЛга таклиф билан чиқди. Бир ойга яқин давом этган музокаралар якунида икки томон ўзаро манфаатли келишувга эриша олди. 

Эндиликда, жорий йилнинг 1 августидан бошлаб «UzReportTV» Про-лиганинг ҳар бир туридан энг қизиқарли ва марказий учрашувларни «UzReportTV» ва «FUTBOL TV» телеканаллари орқали жонли эфирда намойиш этади. Келишувга кўра, учрашувларни жонли трансляция қилиш ҳажми йилдан-йилга ортиб боради. 
 
Пандемия даврида жисмоний фаоллик ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш юзасидан ҳаракатлар давом этмоқда. Аммо футбол мухлисларининг стадионларга ташрифи масаласи ҳозирча кун тартибида эмас. Мана шундай шароитда Про-лига учрашувларининг намойиш этилиши лига манфаатлари учун хизмат қилади. Қолаверса, эндиликда томонлар Про-лига мусобақаси учун титул ва расмий ҳомийлар масаласида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилади.

Ҳамкорликдаги асосий масалалардан бири Про-лига савиясини кўтариш ва уни максимал даражада Суперлигага яқинлаштиришдан иборат. Эндиликда Про-лига клубларида ҳам ўзини намоён этиш, мазкур лига футболчиларида эса терма жамоа мураббийлари назарига тушиш имконияти пайдо бўлади.

Эндиликда «UzReportTV» ва «FUTBOL TV» телеканалларида Про-лига беллашувларини жонли эфирда, сиз севган шарҳловчилар билан биргаликда кузатиб бориш имкони мавжуд. Умид қиламиз, бу ҳамкорлик мамлакат футболи ривожи йўлидаги дадил қадамлардан бири бўла олади. «UzReportTV» билан янги давр, янги имкониятлар сари биргаликда ҳаракат қиламиз», дейилади хабарда.

Маълумот учун, ўзбек футболидаги расман иккинчи дивизион ҳисобланувчи Про-лигада (муқаддам Биринчи Лига деб юритилган) 8та жамоа («Истиқлол», «Зомин», «Хоразм», «Нефтчи», «Динамо», «Оқтепа», «Турон» ва «Шўртан») иштирок этмоқда. Бугун мусобақада 3-тур учрашувлари ўтказилади.

Про-лига баҳслари трансляцияси ўтган йил «Спорт» телеканалида бошланган ва давом этмай қолганди. Ҳозиргача ўзбек футболидаги иккинчи дивизион ўйинлари трансляцияси борасида бирор келишув имзоланмаган ва ҳеч бир каналда бу лига ўйинларининг доимий трансляцияси йўлга қўйилмаганди.

Кўпроқ янгиликлар