Андижон вилоятида юзлаб кишилар иштирокида мажлислар ўтказилди. Ҳукумат буни тақиқлаганди

Ўзбекистон 17:24 / 13.07.2020 48326

Мажлиснинг бир неча иштирокчиси Kun.uz мухбири билан суҳбатда селектор эрталабки соат 07:30да бошланиб, 4 соатга яқин давом этганини маълум қилди.

Мажлисда солиқ тушумлари, вилоятда коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинган.

Йиғилиш қатнашчиларининг сўзларига кўра, унда мутасадди ташкилотларнинг 200га яқин раҳбар ва ходимлари қатнашган.

Суҳбатдошлардан бири тақдим этган суратдан мажлис иштирокчилари ижтимоий масофа сақламаган ҳолда ўтирганини кўриш мумкин.

Kun.uz’нинг яна бир манбаси тасдиқлашича, вилоятнинг барча туманлари ҳокимликларида юзлаб кишилар йиғилиб, ушбу мажлисда масофадан туриб иштирок этган.

Мажлис Республика махсус комиссияси қарори билан 1 августгача қатъий карантин эълон қилинган шароитда бўлиб ўтган. Махсус комиссия давлат органларида йиғилишлар ўтказишни тақиқлаганди. Зарур ҳолларда йиғилишларни видео-конференц-алоқа режимида ўтказиш мумкинлиги белгиланган.

Март ойида президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлардаги ҳокимларга карантин пайтида барча даражадаги йиғилишлар ва мажлисбозликларга чек қўйишни буюрганди.

Kun.uz’нинг ҳолат юзасидан Андижон вилояти ҳокимлигидан изоҳ олишга бўлган уринишлари зое кетди. Вилоят ҳокимининг матбуот котиби ҳам, вилоят ҳокими ва унинг биринчи ўринбосарининг қабулхонаси ҳам қўнғироқларга жавоб бергани йўқ.

Кеча Telegram`да вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдужаббор Эгамбердиев имзоси билан вилоятдаги шаҳар ва туманлар ҳокимларига юборилган расмий хабарнома сурати тарқалган эди.

Хабарномада ҳудудий студиялардан халқ депутатлари вилоят ва шаҳар (туман) кенгашларининг барча депутатлари, туман (шаҳар) ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари, сектор раҳбарлари (прокурор, ИИБ, ДСИ), жойлардаги корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари, ижтимоий соҳа (МТБ, ХТБ, ТТБ), барча мактаблар, коллежлар, лицейлар ва мактабгача таълим муассасалари ҳамда нодавлат мактаб ва боғчаларнинг раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда тааллуқли ташкилот раҳбарлари иштирокини таъминлаш сўралган.

Йиғилишга барча қатнашчилар расмий кийимда, тиббий ниқоб ва қўлқопда, шунингдек телефонларсиз келиши айтилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Шуҳрат Абдураҳмонов вилоятдаги масъул мутасаддиларни ишига қараб баҳолашга, шу асосда уларга кўк рангли «Масъулиятли раҳбар» ёки қизил рангли «Масъулиятсиз раҳбар» нишонларини тақишга қарор қилгани маълум бўлганди.

Фото: Auz.uz

Хабарда ушбу нишонлар ҳар ҳафта душанба куни ўтказиладиган «Ҳокимлик соати»да ўз эгаларига тақилиши, кетма-кет 3 ҳафта қизил нишон олган раҳбарлар масаласи алоҳида кўриб чиқилиши таъкидланганди.

Ҳокимнинг бу ташаббуси ижтимоий тармоқларда танқидларга сабаб бўлди. Ҳокимлик мазкур ҳолатга расмий муносабат билдирмади.

Кўпроқ янгиликлар