«Бутса олиш учун «мойка»да ишлардик». Қишлоқдан чиққан юлдуз – Отабек Шукуров ҳикояси

Спорт 21:15 / 11.07.2020 36181

Kun.uz'да интервьюнинг навбатдаги меҳмони ёшлигидан машҳурликка эришган ва ҳамон юқори савияда футбол ўйнаб келаётган Ўзбекистон миллий жамоаси ва БААнинг «Шаржа» клуби футболчиси Отабек Шукуров. Қандай футболга кириб келгани, мамлакат шарафини ҳимоя қилган ўйинлар, чемпионлик совринини кўтаргандаги ҳиссиёт, футболдаги қийинчиликлар – буларнинг барчаси ҳақида Отабекнинг ўзидан эшитсак.

«Қишлоқдан Тошкентга қандай борасан, дейишган...»

«Мен Отабек Шукуров. 1996 йил Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида туғилганман. Илк машғулотларимни Ислом Мавлонов мураббийлигида Чироқчидаги марказий стадионда ўтказганман. 9 ёшимгача Чироқчида шуғулландим. Кейинчалик Қарши шаҳри футбол мактабининг имтиҳонидан ўтиб, у ерда шуғуллана бошладим. Футболга қизиқишимнинг асосий сабабчиси – дадам. У киши футболга жуда қизиқадилар.

Оилада 4 фарзандмиз. Дадам Муродов Ғайрат 1963 йил туғилган. Пахта заводида ишлаганлар. Онам Бобоқулова Роҳила бошланғич синфлар ўқитувчиси. Оилада бир қиз, уч ўғилмиз, дадам бирор ўғлимни футболчи қиламан деб ният қилганлар. Дадамнинг ўзлари ҳам футболчи бўлишни, «Пахтакор»да ўйнашни орзу қилганлар. Аммо бувам қишлоқдан Тошкентга қандай борасан, деб унамаганлар. Шу сабаб дадам бизни футболга ўзи олиб борган.

Қарши футбол мактабида Умар Убайдуллаев мураббийлигида 4 йил шуғулландим. Тўғриси, ўшанда футбол мактабида шароитлар ёмон эди, лекин тушундикми, шундай жойлардан ҳам футболчилар чиқаркан. У ерда мен билан ҳозир футбол ўйнаётганлардан Умар Эшмуродов, Кенжа Тўраевлар шуғулланган. Ўша вақтлар Муборакда Баҳром Вафоев номли мусобақа бўларди. Ўша ерга бориб иккинчи ўринни олганмиз. Мусобақадан кейин «Машъал» академиясидан қизиқиш бўлган ва шу тариқа академия сафига бориб қўшилдим.

«Чемпионлик учун бир миллион сўм олганмиз»

Академиядаги биринчи мураббийим Дилшод Андаев бўлган. Профессионал футболчи бўлишимда Дилшод аканинг хизмати катта. Кейин Вали Келдиев билан ҳам ишлаганмиз. Академиядан мени «Машъал» ўринбосарлар жамоасига чақиришган. Ўша вақтда ўринбосарларда Хомяков мураббий эди. Ўринбосарлар сафида юрганимда 16 ёшлилар ўртасида Осиё чемпионатида ўйнаб, ғолиб бўлганмиз. Бу унутилмас хотира бўлган. Иншааллоҳ бу ҳақда фарзандларимиз, набираларимизга ҳам айтиб берамиз.

Футболда илк марта топган пулим ўша чемпионликдан кейин олган бонусим бўлган. Адашмасам, бир миллион сўм олганман. У вақтда жуда қадрли пул эди. Тақдирлаш маросимида ота-онам ҳам келишган ва пулни уларга берганман. Ўша вақтда акам ўқишни бошлаган, опамни узатганмиз, дадамнинг саломатликлари ёмонлашиб, оиламиз қийналган вақт эди. Хуллас, иқтисодий қийинчилик вақти бўлган. Балки шу нарсалар бизга туртки бўлгандир.

Дилшод Нуралиев жамоасига йиғинга борганда 23 кишилик рўйхатга кира олармикинман деб ўйлаганман. Кейин таркибга кирдим, мусобақада жамоа сардори бўлдим. Чемпион бўлиб, бош совринни кўтарганда нимани ҳис қилганимни таърифлаб бўлмайди.

«Машъал» академиясида шароит зўр эди»

Осиё чемпиони бўлишимизда «Машъал» академиясининг ўрни катта, чунки ўша вактда академиянинг шароитлари жуда зўр эди. Мана, Элдор Шомуродов ҳам ўша ердан чиққан. Ўзбекистон чемпионатининг деярли ҳар бир жамоасида «Машъал» академиясидан чиққан футболчини учратасиз.

2013 йилда «Машъал» Олий Лигадан Биринчи Лигага тушиб кетган. Кейин биз бир йилдан кейиноқ Олий Лигага қайтдик. 2014 йилдан Олий Лигада ўйнай бошладим, унгача 2013 йил БААда ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатида қатнашдим. Ўшанда Ҳондурасга аламли мағлубиятга учраганмиз. Акром Комилов 20-дақиқада қизил карточка олган ва 10 киши бўлиб ўйинни ютқазганмиз. Жаҳон чемпионатида ўйнаган вақтимда Германиядан қизиқишлар бўлган ва «Ҳоффенхайм» жамоасида ўзимни синаб кўрганман.

Кейинчалик Сергей Лушан мураббийлигидаги Ўзбекистон ёшлар жамоасига чақирила бошладик. Лушан «Бунёдкор»га мураббий бўлгач, 2014 йил охирида «Бунёдкор»га ўтганман. Уч йил «Бунёдкор»да ўйнаб, Чемпионлар Лигасида қатнашдим, бир марта Ўзбекистон чемпионатида кумуш медаль олдим. Шу жамоадаги ўйиним сабаб миллий жамоага чақирила бошладим.

Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида қатнашиб, яримфиналгача бордик ва жаҳон чемпионатида йўлланма олдик. Янги Зеландиядаги жаҳон чемпионатида ҳам муносиб иштирок этдик деб ўйлайман. Жамоа мураббийи Равшан Ҳайдаровнинг ҳам фаолиятимда фойдаси катта бўлган, у кишини жуда яхши инсон деб биламан.

«Пахтакор» ҳам таклиф билан чиққан»

Олимпия жамоасидаги ўйинларимиз сабаб мен, Элдор Шомуродов, Акром Комилов, Достон Ҳамдамовлар миллий жамоага чақирилдик. Миллий жамоадаги дебютимни 2016 йил 1 сентябрь куни «Бунёдкор» стадионида Сурияга қарши ўтказганман, 1:0 ютганмиз. Ўшанда ЖЧ-2018 саралашини яхши бошлаганмиз, аммо охирида омадимиз келмаган. Жаҳон чемпионати йўлланмасини бой берганимиздан кейин хорижга чиқишни хоҳлаганман. Менга араб ва рус клубларидан қизиқиш бўлган. «Пахтакор» ҳам таклиф билан чиққан.

БААга кетишимга Азиз Ҳайдаров туртки бўлган. У ўшанда БАА чемпионатида ўйнарди. Қайси жамоага борсам, ўзимни яхши ҳис қилишга ҳаракат қиламан, аммо у ерга мослашиб қолишга уринмайман. «Шаржа»да менга бўлган муносабат жуда яхши, лекин мен доим кўпроғини хоҳлайман. «Бунёдкор»да ҳам шундай эди, «Шаржа»да ҳам шундай. БААда легионерларга талаб катта. Ҳар бир клубда тўрт нафар легионер бор ва ёқмай қолган легионер исталган вақт алмашиб қолиши мумкин. Ҳатто бир жамоада мавсум давомида тўрт марта мураббий алмашиши ҳеч гап эмас. БАА чемпионати ҳам яхши, лекин мен ўзимни Европада синаб кўрмоқчиман.

«Биз борган мактабларда минглаб болалар бор эди, аммо 5-10 киши футбол ўйнаб кетди»

Бизда кўпчилик футбол ўйнаш учун пул керак, таниш керак деб ўйлайди, лекин бундай эмас, футболда фақат меҳнат билан нимагадир эришиш мумкин. Қайтанга биз футболнинг орқасидан рўзғор қиламиз, иқтисодимизни яхшилаб оламиз. Масалан, биз ўйнаган мактабларда минглаб болалар бўлган, лекин ошиб борса 5-10 киши футбол ўйнаб кетди. Балки ўша ўйнай олмаганлар шундай гап чиқаргандир. Биз билан ўйнаган болалар ичида биздан зўр ўйнайдиганлар бўлган, бутун жамоани алдаб гол урадиган болалар бор эди, аммо улар қийинчиликка чидай олмаган.

«Ҳозиргача пойабзални яхши тикаман»

Биз 8-9 ёш вақтимиз бутса олиш учун машина ювганмиз, этикдўзлик қилганмиз. Академияда ўқиган вақтим ҳам тўп, пойабзал тикиб пул ишлаганман, ҳозиргача яхши тикаман. Ҳеч бўлмаса бориб келишга йўлкира учун пул топишга, ота-онамизга енгиллик қилишга уринардик. Биз билан ўйнаган йигитлар орасида бой оиланинг фарзанди борлигини билмайман. Қайтанга барчамиз футбол эвазига маблағ орттирганмиз. Масалан, Рустам Ашурматов яқингача Тошкентда ижарада яшарди.

Ўтган йил Осиё чемпионатида ўйнаган вақтимда таклифлар бўлди. Ёзги трансферга қаттиқ тайёрланганман, аммо Хитойга қарши ўртоқлик ўйинида оёғимни синдириб олдим. 6 ой давомида футбол ўйнамадим ва шу сабаб Европага кетолмай қолдим. Бу вақтни жароҳатимдан тикланишга сарфладим ва кетган харажатнинг барчасини «Шаржа» клуби тўлаб борди. Лондонда операция қилиндим, реабилитацияни ҳам ўша ерда ўтказдим ва бунинг барчасини клуб ташкиллаштирди.

Купер нега бизга мос келмади?

Эктор Куперни профессионал мураббий деб биламан. Футбол жараёни бўйича гапирадиган бўлсам, Купер ўзи ишлаётган мамлакат одамларидан келиб чиқиб ишлаши керак эди, менимча. У олдин Африка ва Европада ишлаган. У ерларда футболчиларнинг жисмоний ҳолати яхши. Бизда эса жамоавий ўйин яхши шаклланган. Купер бизда ҳимоявий ўйинни жорий қилмоқчи бўлди. Кейинчалик унинг ўзи ҳам ҳимоявий тактика бизга тўғри келмаслигини тан олди. Барибир биз Осиё ёки Африкага нисбатан секинроқмиз, биз учун 90 дақиқа ҳимояни ушлаб туриш қийин, биз кўпроқ тўп назоратини яхши кўрамиз.

Вадим Абрамов эса тўпни назорат қилишни, футбол тилида айтганда, тики-такани яхши кўради. Бундай услуб бизнинг ўзбек табиатимизга ҳам мос келади. Шу ўринда мухлисларимиздан бир нарсани сўрамоқчиман: ҳар қандай ҳолатда бизга дуолари билан ёрдам беришсин. Улар дуо қилиб туришса, биз насиб бўлса, жаҳон чемпионатига чиқамиз.

Кўпроқ янгиликлар