Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 42тага етди

Ўзбекистон 16:22 / 08.07.2020 34389

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда 64 ёшли эркак бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этгани ҳақида хабар берди.

«Учтепа туманида яшовчи 64 ёшли Б.К. (эркак киши) жорий йил 1 июлдан Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси реанимация бўлимида юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, қандли диабетнинг 2-тури, нафас етишмовчилигининг 1-2-даражаси, шунингдек, сурункали буйрак етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб келган.

2 июль куни ундан коронавирус инфекциясига намуна олинган ва касаллик тасдиқланган. Охирги 8 йил давомида у паркинсон касаллиги билан диспансер назоратида бўлган. Бундан ташқари, бемор 2019 йил 1 июль куни бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши ишемик турини ҳам ўтказган.

Сўнгги кунларда бемор бир неча марта мутахассислар томонидан консультация қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилганига қарамасдан аҳволи кескин оғирлашган.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга карамай бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди», дейилади хабарда.

Бу бугун Ўзбекистонда коронавирус туфайли қайд этилган 2 ўлим ҳолати, коронавирус пандемияси давридаги 42-ўлим ҳолати бўлди.

Пандемия даврида Тошкентда 26, Наманганда 4, Самарқандда 3, Бухоро, Сурхондарё ва Жиззахда 2тадан, Фарғона, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида биттадан ўлим рўй берди.

Кўпроқ янгиликлар