Абрамов Саудия карантинда ҳам машғулот ўтказганини айтди

Спорт 13:49 / 09.06.2020 5904

«ОФК ЖЧ-2022 саралаш ўйинлари қачон ўтказилишини эълон қилди. Энг аввал кейинги босқич йўлланмасини ҳал қилишимиз керак. Саудия билан ўйинимиз жуда иссиқ вақтда ўтиши керак эди ва энди бундай бўлмаслиги ҳақида айтишмоқда. Аммо кузда ҳам, ёзда ҳам бизга қарши ўша йигитлар ўйнайди. Ёзда уларга ҳам осон бўлмасди-ку, тўғрими?

Ёмон томони шундаки, биз узоқ вақт машғулот ўтказмадик. Саудия эса мендаги маълумотларга кўра, карантин вақтида ҳам шароитини қилиб машғулот ўтказган. Йўқ, мен олдиндан баҳона тайёрлаб қўймаяпман. Биз ҳам қараб турмаймиз, тайёргарлик кўрамиз», деган Вадим Абрамов.

Маълумот учун, Ўзбекистон ЖЧ-2022 саралашининг «D» гуруҳидан ўрин олган ва ҳозирча 5 ўйиндан сўнг 9 очко тўплаган ҳолда гуруҳда етакчилик қилмоқда. Иккинчи ўриндаги Саудия Арабистони битта ўйин кам ўтказган ҳолда 8 очко билан иккинчи бўлиб турибди. Саудия 8 октябрь куни ўз майдонида Яманга қарши ўйнайди ва бу ўйиндаги ғалаба орқали гуруҳ етакчисига айланиши мумкин, чунки шу куни Ўзбекистон ўйин ўтказмайди.

Карантин сабаб қолдирилган ўйинларни Ўзбекистон 13 октябрь (Яман билан меҳмонда), 12 ноябрь (Сингапур билан уйда) ва 17 ноябрь куни (Саудия билан меҳмонда) ўтказади. Гуруҳ етакчилари Саудия ва Ўзбекистоннинг Тошкентда ўтган биринчи давра ўйинида саудияликлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган.

ЖЧ-2022 Осиё саралашининг иккинчи раундидан ҳал қилувчи босқичга 8та гуруҳнинг ғолиблари ва 4та энг яхши кўрсаткич қайд этган 2-ўриндаги жамоалар йўл олади.

Кўпроқ янгиликлар