Байден расман Трампга рақиб бўлди

Жаҳон 10:53 / 07.06.2020 29764

Твиттердаги саҳифасида Байден «миллат руҳи учун» кураш бошлангани ҳақида ёзди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Байденнинг сайловолди кампаниясидаги асосий мавзу коронавирусга қарши кураш, ишсизлик ва ирқчиликка қарши оммавий намойишлар масалалари бўлади.

Праймериз якунларига кўра Байден партиянинг 1990дан ортиқ делегати овозини қўлга киритган ва бу партиянинг расмий номзоди бўлиш учун етарли ҳисобланади.

«Биз биргаликда миллатимиз руҳи учун курашда ғолиб чиқа оламиз», деган Байден.

Жо Байден президент Барак Обама даврида вице-президент лавозимида ишлаганди.

Праймериз бошлангада у Айова ва Нью-Ҳемпшир штатларида ютқазганди, аммо Жанубий Каролинада у асосий рақиби Берни Сандерсга қақшатқич зарба берди, шундан сўнг унинг кампанияси темпни оширди, рақиблари эса саҳнани бирин-кетин тарк эта бошлади.

«Мен Демократик партиянинг энг салоҳиятли номзодлари билан куч синашганимдан фахрланаман, яна шунинг учун ҳам фахрланаманки, сайловлар олдидан сафларимизда бирлик ҳукмрон», деган Байден.

Байден айни вақтда 77 ёшда. У учинчи марта АҚШ президентлиги учун сайловда қатнашмоқда.

Обама Байденнинг президентликка номзод бўлишини маъқуллаган / GETTY IMAGES

Демократик партия аъзолари коронавирус туфайли 8 штатда ва уч ҳудудда праймериз ўтказа олишмади.

«Ҳозир Америка тарихидаги энг қийин дамлар. Дональд Трампнинг дарғазаб ва можароли сиёсати мамлакатга ёрдам бера олмаяпти. Мамлакатга ҳақиқий етакчи керак. Барчани бирлаштира оладиган етакчи», деган Байден.

Собиқ президент Барак Обама ўзининг собиқ ўринбосари президентлик учун номзодини қўйганини маъқуллаганди. Апрель ойида тарқалган видеомурожаатида Обама Байден давлат раҳбари учун зарар бўлган барча сифатларга эгалигини айтиб ўтганди.

«Хушмуомала сиёсатчи»
Президент Дональд Трамп рақиби билан курашни сабрсизлик билан кутаётганини айтиб, уни «уйқусираган Жо» деб атаган.

Байден расман демократлар номзоди сифатида кўрсатилишидан олдиноқ муаммоларга тўқнаш келди.

Жанубий Каролинадаги афроамерикалик ва лотин америкалик сайловчилар Байденнинг муваффақиятини таъминлаб беришди

У Трампга овоз берадиган афроамерикаликлар ўзларини қора танли деб ҳисобламаслиги кераклиги ҳақида айтган гаплари учун узр сўрашига тўғри келди.

У шунингдек, ўзини тегажоғликда айблаган аёллардан узр сўради. У ўзини «хушмуомала сиёсатчи» деб атади ва унинг ҳаракатлари нотўғри тушунилган бўлиши мумкинлигини айтди.

Собиқ ёрдамчиси Тара Рид уни 1993 йилда тегажоғлик қилганликда айблади, аммо Байден бу айбловни рад этди.

Тара Рид Жо Байденни жинсий тегажоғликда айблаган саккиз нафар аёлнинг бири бўлган. Тара Риднинг сўзларига кўра, Байден кўпчиликнинг олдида унинг бўйнига қараган, сочларини ушлаган ва аёлнинг ўзини ноқулай сезишига сабабчи бўлган. Бироқ Рид жинсий дахлсизликка қилинган тажовуз қурбони бўлгани ҳақида гапирмаган.

У президентлик учун номзодини қўйишидан олдин ҳам можаролар гирдобида қолганди. Жо Байден Обама маъмуриятида вице-президент бўлганида унинг ўғли Ҳантер Байден Украинадаги Burisma нефть компанияси директорлари кенгашида бўлган. Дональд Трамп ва бошқа республикачилар бу манфаатлар тўқнашувини вужудга келтиргани бўйича саволлар билан чиқишганди.

Аввалроқ, 2016 йил мартида вице-президент Жо Байден АҚШ Украинадан мамлакат бош прокурори Виктор Шокинни коррупцияга қарши етарлича курашмаётгани учун бўшатишни талаб қилгани ва акс ҳолда 1 млрд долларлик кредит бермаслик билан таҳдид қилгани ҳақида айтганди.

Америкадаги нашрларнинг ёзишича, Виктор Шокин 2016 йилда Burisma Holdings ва Ҳантер Байден фаолияти бўйича кенг кўламли аксилкоррупцион текширувлар ўтказганди.

Ўшанда Шокин бош прокурор лавозимини тарк этганди. У ишдан бўшатилгач компания бўйича фаол текширув ишлари олиб борилмаган.

Жо Байден АҚШда Флойднинг ўлими туфайли тартибсизликлар авж олган бир вақтда расман номзод сифатида эълон қилинмоқда. Қолаверса, коронавирус пандемияси туфайли мамлакатда ишсизлик даражаси Иккинчи жаҳон уруши давридаги ҳолатга тенглашган, одамлар коронавирус туфайли бемисл жабр кўришмоқда.

Дональд Трамп ва Жо Байден бир неча марта бу масалада баҳслашишди, сайловолди кампанияси ҳам уларнинг шу масалалардаги тортишувлари билан кечиши кутилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар