«Клуб қўйиб юборса, тўғри бўларди...» – «Пахтакор» эшикларини қаттиқ ёпишни хоҳламаётган Машарипов билан суҳбат

Спорт 18:30 / 02.06.2020 23093

Мухлислари «чемпионни биз аниқлаймиз» дейдиган «Трабзон»дек клуб чиндан Машариповга қизиқиш билдирганми? «Пахтакор» нега уни қўйиб юборишни хоҳламаган? Мана шу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Жалолиддин Машарипов билан суҳбат уюштирдик.

– Жалолиддин, олдингизга сўнгги кунларда тарқалган хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида келдик. Яъни, сизга Туркиянинг «Трабзонспор» клубидан таклиф тушган...

– Бу қизиқишга карантин сабаб бўлди, деса ҳам бўлади. Шота Арвеладзе карантин даврида Туркияда бўлди. У ерда журналистларга интевьюлар берганда «Пахтакор» ҳақида гапиратуриб мени ҳам тилга олган.

– Интервьюда шунчаки айтиб ўтганми ёки тавсия қилганми?

– Тавсия қилган. Ўзим билан гаплашганда ҳам «Сен Туркияда бемалол ўйнай оласан» дерди. Кейин турклар ўйинларим видеолавҳаларини кўришди. Турк журналларида ҳам мен ҳақимда ёзишди. Лекин нархга келганда келиша олишмади.

– Трансфер нархингиз қанча ва уни ким белгилаган?

– Нархни ким белгилаганини аниқ билмайман. Трансфер нархим 6 миллион евро эканини ўзи ҳам турк газеталаридан билдим.

– Бу жуда қиммат-ку?

– Ҳа, мен ҳам ҳайронман. Авваллари 2 миллион евро деб айтишганди. Балки турклар жиддий қизиқиш билдиргач, ошириб юборишгандир.Трансфер нархимни ўзим кутганимдан-да юқори белгилашибди. Қандай ўйнашингиздан қатъи назар Ўзбекистонда ўйнаётган ўзбек футболчиларини ҳеч ким 6 миллионга олмайди. 3 миллионга олса ҳам хурсанд бўлиш керак. Шомуродовдек Россия клубларида ўйнаб, ўзингизни кўрсатган бўлсангиз унда бошқа гап.

– Реал нархингиз қанча деб ўйлайсиз?

– Мен туфайли «Пахтакор» қанча кўп пул топса, шунча хурсанд бўламан. Лекин реал нархим 2 миллион евро бўлса ҳам етарли, менимча.

– «Трабзонспор» бунга қандай муносабат билдирди?

– Нархимни эшитгач, қизиқишини пасайтирди, деб эшитдим. 6 миллионга Европадан ҳам яхши ўйинчи сотиб олиши мумкин. Жаҳон чемпионатида ёки хориж клубларида ўйнамагунимизча ҳеч ким бизга бундай пул тўламайди.

– Бошқа таклифлар ҳам борми?

– Аслида мақсадим – Европага кетиб, қолган ўзбек футболчилари учун эшикларни очиш. Араб жамоаларидан таклифлар жуда кўп. Лекин уларга эътибор бермаяпман. Чунки ҳозир араб клубига ўтсам, мухлислар «Европада ўйнайман дер эдинг, пулга қизиқибсан-да», дейишади. Лекин кўпчилик нималар бўлаётганини тушунмайди, якунда шунга мажбур бўлиб қолишим ҳам мумкин.

– Демак, гап пулда эмас?

– Ҳа, мен юқори даражали чемпионатларда ўйнаб кета оламан, деб ўйлайман. Менга мотивация керак.

– Агентингиз Герман Ткаченко бунга қандай муносабатда?

– У ҳам бироз ҳайратда. «Менга нархингни бошқача айтган эдинг-ку» деди. У ҳам «Пахтакор» қўйиб юборгиси келмаётганини тушунди.

–Клубга қандай мақсадлар учун керакман деб ўйлайсиз?

– Чемпионлар Лигаси учун. Мақсадимиз финалигача етиб бориш.

– Жамоада ўрнингизни босадиган ўйинчи йўқ. Клубни тушуниш мумкинми ёки вақт бой бериляптими?

– Вақт бой берилади. Чунки сентябрда 27га тўламан. Масалан, 22-23 ёш бўлганимда эди, «Пахтакор»да яна камига 2 йил ўйнаб берардим.

– Даражангиз ҳам Ўзбекистон чемпионатидан ўтиб кетди…

– Ҳамма шундай дейди. Чемпионатимиз ёмон эмас. Лекин вақти келганда футболчиларимизни қўйиб юбориш ҳам керак.

Худо хоҳласа, яқинда раҳбарият билан гаплашамиз. Улар мени тўғри тушунишади, деб ўйлайман. 10 ёшимдан шу клубдаман. Жамоамни жуда яхши кўраман. Текинга кетишни истамайман, трансферимдан клуб фойда олишини хоҳлайман. Эшикни қаттиқ ёпиб кетгим келмаяпти. Чунки вақти келиб, фаолиятимни «Пахтакор»да якунламоқчиман.

– «Пахтакор» билан амалдаги шартномангиз қачон тугайди?

– 2021 йил охирида.

– Клубдан нимани сўраган бўлардингиз?

– Мени тўғри тушуниб, қўйиб юборишларини сўрардим. Вақти келди. Ҳатто ота-онамни кўрганлар «Ўғлингиз қачон хорижга кетади?» деб сўрашяпти. Ўзимни кўрганда ҳам ҳар бир мухлис шуни сўрайди.

Мени қўйиб юборишса, клубга бир томонда яхши бўлади. Чунки ўрнимда ўйнаши мумкин бўлган истеъдодли ёшлар бор. Кетишим уларни илҳомлантиради. Масалан, ўзим ҳам Одил акага ҳавас қилиб хорижда ўйнаш мақсадини қўйганман.

– Жалолиддин, чиндан сиз Суперлигамиз даражасидан ўтганингизга анча бўлди. Раҳбарият билан келиша олишингизга умид қиламиз. Чунки «Трабзонспор»дек жамоадан ҳар куни ҳам таклиф бўлавермайди.

– Раҳмат.

Бобур Акмалов суҳбатлашди

Кўпроқ янгиликлар