Самарқандда машина бошқарувини йўқотиш ўлимга олиб келди

Жамият 12:33 / 27.05.2020 7790

2020 йилнинг 24 май куни соат 18:00да ҳайдовчи 39 ёшли К.Т. бошқарувида бўлган Matiz русумли автомашинасини Самарқанд вилояти Иштихон тумани “Азамат” маҳалласи Нуробод қишлоғи ҳудудидан ўтувчи йўлда бошқариб кетаётган бўлган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у бошқарувни йўқотиши оқибатида, ҳаракат йўналиши бўйича йўлнинг чап томон чеккасида жойлашган Хатирчи каналининг кичик ирмоғига тушиб кетиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. 

Натижада, автомашинада бўлган йўловчи 39 ёшли М.У. тан жароҳати олиб, Хатирчи каналининг кичик ирмоғининг сув оқимига тушиб кетиб вафот этганлиги аниқланган. М.У.нинг мурдаси ҳодиса жойдан сув оқими бўйича 430 метр узоқликда каналнинг кичик ирмоғининг сув оқимидан топилган.

Ҳолат юзасидан Иштихон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Ҳурматли ҳайдовчилар, транспорт воситасини бошқараётган вақтингизда ҳушёр ва сергак бўлишингизни сўраймиз”, - дейилади маълумотда.

Кўпроқ янгиликлар