Ўзбекистоннинг қайси вилоятларида ишсизлик даражаси энг юқори экани айтилди

Ўзбекистон 12:35 / 27.05.2020 97243

2019 йил якунига кўра, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда 511,8 трлн. сўмни ташкил этган ҳолда, ўтган йилга нисбатан 5,6 фоизга ўсди. Ўтган йил билан таққосланганда ЯИМ тармоқлари таркибида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигининг улуши 28,0 фоиздан 25,5 фоизга камайиб, саноатнинг улуши 23,6 фоиздан 27,3 фоизга, қурилишнинг улуши 5,4 фоиздан 5,9 фоизга ўсишига эришилди.

Парламент сайтида ёзилишча, бу ҳақда 26 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг видеоконференц алоқа тарзида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида маълум қилинди.

Йиғилишда фракция аъзолари Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йилдаги ижроси юзасидан Молия вазири ўринбосари Дилшод Султоновнинг ҳисоботини тинглади.

Таъкидланганидек, 2019 йил ҳолатига, аҳоли умумий даромадлари 344,7 трлн. сўмни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 106,5 фоиз реал ўсишга эришилди. Аҳоли жон бошига ҳисобланган умумий даромадлар 10,3 млн. сўмни, номинал ўсиш суръати 119,7 фоизни, реал ўсиш суръати эса 104,5 фоизни ташкил этди.

Ҳисобот даврида иқтисодиётга Давлат бюджетидан режалаштирилган маблағларнинг салкам 18,5 трлн. сўми ёки ЯИМга нисбатан 3,6 фоиз маблағ сарфланган. Жумладан, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирлари доирасида объектларни қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, мелиоратив техникалар харид қилиш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан жами 437,3 млрд. сўм ажратилган.

Йиғилишда депутатлар Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил биринчи чорак якунлари бўйича ҳам ахборотини эшитди.

Ҳисоботда таъкидланганидек, жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил қилиб, энг юқори ишсизлик даражаси 9,8 фоиз билан Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида, 9,7 фоиз билан Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида қайд этилган бўлса, энг паст кўрсаткич Тошкент шаҳрида (7,8 фоиз) аниқланган. Ишга жойлаштиришга муҳтож меҳнат билан банд бўлмаган аҳоли (ишсизлар) сони 1 399,7 минг кишини ташкил этган.

Йиғилишда ишсиз шахсларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига кенг жалб этиш асосида аҳоли бандлигини таъминлаш учун давлат раҳбарининг 2017 йил 24 майдаги тегишли Фармонига мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасини ташкил этиш муҳим қадам бўлгани қайд этилди. Вазирлик ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси ҳисоб рақамида 2019 йилда молиялаштирилган маблағлар ҳисобидан 16,9 млрд. сўм маблағ қолдиғи мавжуд бўлиб, 2020 йил биринчи чорак давомида Республика бюджетидан 45 млрд. сўм маблағ ажратилгани айтиб ўтилди.

Депутатлар электорат манфаатларидан келиб чиқиб кўтарилган масалалар, савол-жавоблар ва муҳокамалардан сўнг, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йилдаги ҳамда 2020 йил биринчи чорак якунлари тўғрисидаги ҳисоботларни маъқулладилар.

Фракция йиғилишида шунингдек, “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳалари иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Кўпроқ янгиликлар