00:46 / 24.05.2020
2666
Британия мухолифати Жонсоннинг маслаҳатчисига нисбатан суриштирув бошлашни талаб қилди

Аввалроқ газеталар Доминик Каммингсни мамлакатда коронавирус тарқалиши сабабли жорий этилган карантин режимини бузганликда айблаганди.

Фото: DANIEL LEAL-OLIVAS

Буюк Британиядаги мухолифатчи лейбористлар партияси бош вазир Борис Жонсоннинг маслаҳатчиси Доминик Каммингсга нисбатан зудлик билан суриштирув ўтказишни талаб қилди.

Бу ҳақда лейбористлар вакили Рейчел Ривзнинг вазирлар маҳкамаси котиби Марк Седвиллга юборган мактубида айтилган.

Аввалроқ газеталар Каммингсни мамлакатда коронавирус тарқалиши сабабли жорий этилган карантин режимини бузганликда айблаганди.

"Британия халқи умуммиллий саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун жумладан ўз оилаларидан узоқда қолиб муҳим ва оғриқли қурбонлар берди. Бундай вазиятда ҳукумат аҳолини юқори лавозимли шахслар ҳам бошқа одамлар каби ўша қоидаларга амал қилаётганига ишонтириш жуда муҳим", - деб ёзган Ривз.

Британия ОАВнинг хабарига кўра, Каммингс мамлакатда одамларга уйларидан чиқиш ва зарур ҳолларсиз сафарга чиқиш тақиқланган карантин режими жорий этилган вақтда Лондондан  400 км масофада жойлашган Дарем шаҳрига ота-онасини кўргани борган. 

Қайд этилишича, маслаҳатчи ўша пайтда коронавирус симптоми бўлгани учун ўз-ўзини изоляция қилиши керак бўлган. 

Аввалроқ Каммингсда коронавирус симптомлари аниқлангани, бунгача эса унинг аёли касалликка чалингани хабар қилинганди. У Даремга айнан қачон – коронавирус симптомлари аниқланишидан аввал ёки кейин боргани ноаниқ бўлиб турибди, аммо ҳар икки ҳолатда ҳам карантин режими бузилгани ҳақида сўз бормоқда.  

ОАВнинг ёзишича, айнан Каммингс умуммиллий карантин жорий этилишининг ашаддий тарафдорларидан бири бўлган.

Top