Туризм қўмитаси турфирмаларга жарима тўламаслик учун «форс-мажор» режимидан фойдаланишни тавсия қилди

Жамият 08:13 / 23.05.2020 1881

Қайд этилишича, пандемия сабабли туризм фаолияти субъектлари томонидан тузилган шартномаларга мувофиқ, тур (саёҳат) ташкил этиш имконияти бўлмаган вазиятда шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилишини кечиктириш, шартномани бекор қилиш, жарима қўллаш масалалари турфирма ва турист (буюртмачи) ўртасида тузилган шартнома шартларига мувофиқ ҳал этилади. 

“Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5969-сон Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатасига чекловлар амал қиладиган давр учун енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатлари келиб чиққанлиги ҳақида расмий хабарнома эълон қилиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг мурожаатлари асосида бир кунлик муддатда тегишли сертификатлар бериш вазифаси юклатилган. 

Шу муносабат билан, амалдаги вазият тўғрисида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг COVID-19 бўйича расмий баёнотига кўра, шартнома бўйича тарафларга хабарнома тақдим қилиш, шартномани бажаришда кечикишлар юзага келганда ташкил этилиши лозим бўлган тур (саёҳат)нинг вақтини бошқа муддатга кўчириш юзасидан музокаралар йўли билан ҳал этиш чораларини кўриш мақсадга мувофиқдир”, - дейилади қўмита маълумотида.

Кўпроқ янгиликлар