ДСҚ солиқларни автоматлаштирилган йиғиш тизимини жорий этмоқда

Жамият 08:40 / 23.05.2020 4213

Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати «Солиқларни автоматлаштирилган йиғиш тизими» (САЙТ) жорий этилаётгани тўғрисида хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу лойиҳа 2019 йилда Наманган вилоятида синов тариқасида жорий этилди. Вилоят аҳолиси махсус қурилма (терминал) ёрдамида «САЙТ» дастури ишга туширилганлиги ҳақида хабардор этилди. Aгар солиқ инспекторида бундай қурилма бўлмаса, уларга солиқ тўламаслик ҳуқуқи берилди.

«САЙТ» дастури орқали солиқ тўловчига берилган чек одатдагидан фарқ қилади. Унда солиқ тўлаш тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар, шунингдек солиқ хизмати органи ходимининг маълумотлари мавжуд бўлади ва солиқ тўловчининг мобил телефон рақамига солиқ тўлови амалга оширилганлиги тўғрисида СМС хабар ҳам боради.

Бундан ташқари, инспектор ҳудудидаги мол-мулк ва ер солиқларидан қарздорлиги мавжуд жисмоний шахсларни навигатор тизими (GPS) орқали аниқлаш имконияти яратилган.

Билдирилишича, «САЙТ» тизими солиқ инспекторига солиқларни мустақил равишда йиғиш ва бир вақтнинг ўзида амалга оширган ишларини қайд этиш имконини беради. Шу билан бирга, диспетчерлик web иловаси орқали инспекторнинг реал вақт режимида амалга оширган ишлари баҳолаб борилади.

- Ўтказилган таҳлилларга кўра, солиқ инспекторларининг иш самарадорлиги 2-3 бараварга ошди, - дейди ДСҚ Жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Зарифжон Зокиров.

Наманган вилоятида 2019 йил I чоракда 125 нафар солиқ инспектори томонидан 9,4 млрд. сўм маҳаллий солиқлар йиғилган (1 нафар солиқ хизматчисига ўртача 75 млн. сўмдан тўғри келган) бўлса, «САЙТ» тизими орқали 2020 йилнинг I чорагида 27 млрд. сўм солиқ ундирилди (1 нафар солиқ хизматчисига ўртача 177 млн. сўмдан тўғри келган).

Ҳокимият органлари томонидан маҳаллий бюджетларнинг ошириб бажарилган қисмидан 1 959 дона терминал сотиб олиш учун 8,4 млрд. сўм маблағ ажратилди.

Йил бошидан буён Жиззах, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида 1 118 дона терминал тўлиқ ишга туширилди. Мазкур ҳудудларда «САЙТ» дастури орқали 2020 йил январь-апрель ойларида маҳаллий бюджетларга 43,5 млрд. сўм солиқлар ундирилди.

«САЙТ» терминалларини ишлатишнинг кейинги босқичида ҳужжатсиз фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар, кадастри мавжуд бўлмаган объектлар ва ижара шартномаси тузмаган шахсларни электрон рўйхатини шакллантириб, қонуний ишлашга ўтишини назорат қилиш модули ишга туширилиши режалаштирилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, «САЙТ» тизими республиканинг барча ҳудудларида тўлиқ жорий этилиши 2020 йилда маҳаллий солиқлардан қўшимча 285 млрд. сўм маблағ тушириш имкониятини беради. Бу эса терминаллар учун сарфланган маблағларга нисбатан 35 бараварга кўпдир.

«САЙТ» тизими барча ҳудудларда ишга туширилиб, ягона механизмга келтирилгач, солиқ инспекторлари иш унумдорлигини (KPI) баҳолаш орқали уларни рағбатлантириш ҳам режалаштирилган, дейилади хабарда.

Кўпроқ янгиликлар