Томорқа ер эгаларига субсидиялар қандай мақсадлар учун ажратилади?

Ўзбекистон 09:18 / 22.05.2020 5670

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, президентнинг 2020 йил 18 майдаги ПҚ–4716-сон “Томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ субсидиялар қуйидаги мақсадлар учун ажратилади:

а) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, етказиб берувчи ташкилотлар ва томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида:

енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача;

суғориш воситалари харид қилиш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача;

уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваригача.

б) қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиши учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача.

Бунда:

қишлоқ хўжалиги кооперативлари балиқчилик, қуёнчилик, паррандачилик, асаларичилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик, тикувчилик, ҳунармандчилик ва бошқа илғор соҳаларда ташкил этилади;

қишлоқ хўжалиги кооперативларига ишсиз фуқаролар, кам таъминланган оилалар аъзолари, ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар ҳамда кооператив фаолияти йўналиши бўйича тажрибага эга етакчи тадбиркорлар бирлаштирилади.

Томорқа ер эгасининг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда битта оила қуйидаги йўналишлардан бири учун уч томонлама шартнома тузади:

енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш;

енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш ҳамда уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш;

суғориш воситалари харид қилиш;

суғориш воситалари харид қилиш ҳамда уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш;

уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш.

Кўпроқ янгиликлар