Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали карантинга ёпилди

Ўзбекистон 13:36 / 21.05.2020 27967

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали ходимларида коронавирус аниқлангани сабабли филиал 19 май кунидан бошлаб вақтинча ёпилган. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Маълум бўлишича, коронавирус инфекциясини нафақат филиал ходимлари, балки беморлар ҳам юқтирган. Шу боис дезинфекция ишлари амалга оширилаётгани туфайли қолган 67 нафар бемор Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд филиалига ўтказилган.

Соғлиқни сақлаш бошқармасининг маълумот беришича, филиал ўз фаолияти қайта йўлга қўйилгунга қадар беморлар бошқарма томонидан белгиланган қуйидаги шифохоналарда қабул қилинади:

  • Травматологик ва нейрохирургик (реанимацияси билан) тиббий хизматлар - Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий амалий тиббий маркази Самарқанд филиалида;
  • Хирургия, урология, гинекология, ЛОР, педиатрия, терапия ва реанимация хизмати - СамМИ 2-клиникасида;
  • Комбустиология (куйиш) тиббий хизмати  - Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмасида;
  • Токсикология ва ЭКД хизмати -  Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида.

Бундан ташқари, шаҳар аҳолиси орасида коронавирус юқтирган бемор билан бирламчи контактда бўлган фуқаролар вилоят кардиология диспансери ва вилоят ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида карантинга олинган.

Қайд этиш керакки, айни вақтда Самарқанд вилояти эпидемиологик вазият оғир бўлиб қолаётган ҳудудлардан ҳисобланади. Бу ҳудудда ҳар куни янги ҳолатлар қайд этилмоқда, 20 май куни яна 10 кишига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди. Ушбу вилоятда эпидемия бошланганидан буён 291та зарарланиш ҳолати қайд этилган, шу вақтгача беморларнинг 178 нафари соғайди, 1 бемор вафот этди, шифохонада 112 нафар бемор қолмоқда, вилоят коронавирусдан тузалиш кўрсаткичлари бўйича энг қуйи ўринларда (61 фоиз).

18 майдан бошлаб Самарқанд шаҳридаги 22та маҳаллада карантин қоидалари кучайтирилган.

Кўпроқ янгиликлар