Ўзбекистон Афғонистон раҳбарияти ўзаро сиёсий келишувга эришганини қўллаб-қувватлади

Ўзбекистон 14:12 / 18.05.2020 8169

Ўзбекистон Афғонистоннинг сиёсий етакчилари томонидан инклюзив ҳукумат ва Миллий ярашув бўйича Олий кенгашни ташкил этиш тўғрисидаги келишувга эришилганини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Аввалроқ, Афғонистон президенти Ашраф Ғани ўзининг сиёсий рақиби Абдуллоҳ Абдуллоҳ билан ҳокимиятни бўлиб олиш бўйича келишув тузганди

«Умид қиламизки, ушбу муҳим қарорлар қўшни Афғонистонда сиёсий музокараларга ҳамда мустаҳкам ва узоқ муддатли тинчликка йўл очади.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Афғонистон халқи билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашда, афғонлараро сиёсий жараённи ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда ҳамда тинч ва фаровон Афғонистонни барпо этиш учун ҳар жиҳатдан ёрдам беришда давом этади», - дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Афғонистонда президентлик сайловларигача бўлган баланс тикланди. «Толибон» ҳаракати билан музокаралар тикланадиган бўлса, ҳукумат номидан Абдуллоҳ Абдуллоҳ иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг сентябрь ойидаги президентлик сайловларидан кейин икки номзод ҳам президентлик учун қасамёд қилганди: амалдаги президент Ашраф Ғани ҳам, мамлакат бош вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ ҳам сайловда ғалаба қозонганини эълон қилганди. Афғонистон марказий сайлов комиссияси Ғани сайловда кичик фарқ билан ғалаба қозонганини маълум қилганди, аммо Абдуллоҳ натижалар сохталаштирилганини айтганди.

Кўпроқ янгиликлар