Google Art & Culture платформасида Ўзбекистон маданиятига оид маълумотлар жойлаштирилди

Ўзбекистон 17:09 / 18.05.2020 1531

Бугун, 18 май – Халқаро музейлар куни. Ушбу сана муносабати билан маданият ва санъат намуналарини жамловчи Google Art & Culture онлайн платформасида Ўзбекистон маданиятига бағишланган учта янги тўплам намойиш этилди. Бу ҳақида Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хабар бермоқда.

Платформага жойлаштирилган биринчи тўпламда ҳар бир ташриф буюрувчи унутилмас пейзажлар билан, шунингдек, Яффа Ассулин и Лазиз Ҳаманининг “Ўзбекистон. Самарқандга йўл” китобини нашр этишга илҳомлантирган тарих ва архитектура ёдгорликлари билан яқиндан танишиши мумкин. Муаллифлар Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларига ташриф буюриб, амалий ва ижрочилик санъатининг усталари фаолияти билан танишишган. Сафар таассуротлари “Ўзбекистон. Самарқандга йўл” китоби саҳифаларида акс этган.

Иккинчи тўплам Лувр музейидаги “Буюк Ипак йўлидаги цивилизация ва маданиятлар” кўргазмасида Ўзбекистоннинг маданий меросини намойиш этадиган энг қадимий асарлар ҳақида ҳикоя қилади. Унда томошабинларга Варахша саройидаги деворий суратлар, фресакларнинг парчалари, Фаёзтепадаги роҳиблар Будда ҳайкали, муқаддас Қуръон Усмон қўлёзмаси ва жаҳоннинг маданий меросига кирувчи Ўзбекистоннинг бошқа муҳим экспонатлари намойиш этилади.

Учинчи тўпламда Марказий Осиёдаги энг йирик музейларидан бири –Ўзбекистон давлат санъат музейи тарихи билан танишиш мумкин. Музейнинг яратилиш тарихи ва архив фотосуратлари томошабинга музей очилишидан бери меъморчилик ва кўргазма майдонининг бошидан кечирган ажойиб метаморфозаларни намойиш этади. Шу билан бирга, мазкур тўпламда япон меъмори Тадао Андо томонидан ишлаб чиқилган музей меъморчилигининг янгиланган концепциясининг тақдимоти мавжуд.

Маълумот учун, Google Arts & Culture  санъат асарларига юқори кириш ҳуқуқини тақдим этадиган интернет платформадир. Мазкур лойиҳа 2011 йилда Google корпорацияси томонидан 17та музей ҳамкорлигида ташкил этилган. Бугунги кунга келиб, ушбу лойиҳа дунёнинг турли мамлакатларидан 2000дан ортиқ маданият муассасалари дурдоналарини бир жойда жамлаган.

Ҳозирга қадар ушбу платформада И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи, Ойбек уй-музейи ҳамда Тошкентдаги Замонавий санъат марказида Саодат Исмоилованинг "Қирқ қиз" кўргазмасининг очилиш маросими ўрин олган.

Кўпроқ янгиликлар