Қозоғистон чегарасида тўпланганларга Ўзбекистонга ўтиш учун истисно тариқасида бир марта рухсат берилади

Ўзбекистон 19:31 / 17.05.2020 49624

Бир неча кун аввал, Россия-Қозоғистон чегарасида 800 нафар атрофида ўзбекистонликлар тўплангани, уларнинг вақтинча истиқомат қилишлари учун шароитлар ҳам йўқлиги, карантин боис Россия ва Қозоғистон томони уларни чегарадан ўтказмаётгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган эди. Бу ҳақда Kun.uz ҳам маълумот берган эди.

Бугунга келиб, Россиянинг Оренбург вилояти, Маштаково чегара пункти яқинида ўзбекистонликлар вақтинча истиқомат қилишлари учун махсус ҳудуд ташкил этилган. Ҳарбий палаткалар тикланиб, фуқаролар вақтинча яшаши учун шарт-шароит ташкил этилган. Бу ҳақда фуқаролар Kun.uz’га маълум қилишди ва видеоларини тақдим этди.

Kun.uz мухбири айни мавзу бўйича саволлар билан Ўзбекистоннинг Татаристондаги бош консули Фариддин Насриевга мурожаат қилди.

Ўзбекистонликлар учун вақтинчалик яшаш жойи ташкил этиш мақсадида қандай музокаралар олиб борилди?

– Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга бормоқчи бўлган фуқаролар чегарада тўпланиб қолишганди. Улар орқали кекса ёшдаги фуқаролар, ёш болали ва ҳомиладор аёллар ҳам борлигини инобатга олган ҳолда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси томонидан ичимлик ва иссиқ овқат билан таъминлаш чора-тадбирлари кўрилди.

Ҳозирда озиқ-овқатлар фуқароларимизга тарқатиляпти. Фуқаролар очиқ жойда қолиб кетгани учун Самара вилояти губернаторлиги томонидан ушбу ҳудудда махсус палаткалар ташкил қилинди. Бунинг учун Самара вилояти маъмуриятига миннатдорчилик билдирамиз.

Фуқароларимизни олиб чиқиб кетиш учун автобуслар ташкиллаштиряпмиз. Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ҳам фуқароларни Ўзбекистон чегарасигача олиб бориш учун автобуслар ташкиллаштиряпти.

Россиядаги бошқа ҳайдовчилар ҳам келаверса, улар ҳам чегарадан ўтказиладими?

Фариддин Насриев
Фото: Tatar-inform.ru

– Албатта, йўқ. Фуқароларга қайтадан мурожаат қилмоқчиман. Чегара ёпиқ ва ҳозир фуқароларимизни фақат бир марта истисно тариқасида олиб ўтяпмиз.

Бундай натижага эришиш биз учун осон бўлмади. Фуқароларимизни Ўзбекистонга олиб ўтиш учун ҳукуматимиз Қозоғистон, Россия билан музокаралар олиб борди. Бу – эртага яна кимдир келса, ўтказиб юборамиз, дегани эмас.

Қайтмоқчи бўлган бошқа фуқаролар чегара яқинига келишса, уларни ўтказолмаймиз. Улар доимий ёки вақтинчалик яшаш жойларига қайтиб туришларини сўраймиз. Ташкил қилинган чартер рейслар учун рўйхатдан ўтиб, навбати келганда Ўзбекистонга кириб келишлари мумкин.

Шахсий автомобилда ўтиш мумкин эмас

– Баъзилар автомобилимда ўтиб кетаман, дейишяпти. Бу мумкин эмас. Ҳукуматлар билан музокара ўтказиб, автобусларда фуқароларни олиб чиқиб кетишга келишдик.

Фуқаролар Қозоғистонда ташкил қилинган автобусларда чегарагача етиб олишади. Кейин у ерда бошқа автобуслар орқали Ўзбекистонга кириб боришади.

Фуқаролар шахсий автомобилларини қолдиришлари учун Самара вилояти ҳукумати томонидан махсус автотураргоҳ ташкил этилди. Автомобиллар хавфсизлигини таъминлаш бўйича чоралар кўриб чиқиляпти. Фуқаролар автомобилларини чегарада қолдириб, ўзлари ўтишлари мумкин.

Икки ҳафталик карантин

– Ҳайдовчилар фуқаролар ўртасида гап тарқатишяпти: «Агар автомобилда чегарадан ўтишни талаб қилсангиз, уйингизга олиб бориб қўяман. Автобусда кетсангиз, Ўзбекистондаги карантин ҳудудларига жойлаштириласиз», дейишяпти. Аммо автомобилда ўтадими ё автобусда – фарқи йўқ, ҳамма 2 ҳафталик карантинга жойлаштирилади.

«Россияда ишчи кучига бўлган талаб ошди»

– Пандемия пайтида бошқа соҳаларда ишчи кучига талаб ошди. Татаристон меҳнат вазирлиги билан гаплашганимизда, бўш иш ўринлари бўйича рўйхат беришди. Бизга мурожаат қилаётган фуқароларга иш ўринлари ҳақида ахборот беряпмиз.

Баъзи иш жойларида ойликлар ҳам сезиларли ошди. Хориждан келган, хусусан, Ўзбекистондан келган фуқароларга ҳам бу ерда меҳнат қилишлари учун енгилликлар берилди. Регистрациядан ўтиш муддати узайтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари ҳам иш масаласида фуқароларга ёрдам беришяпти. Уларга ҳам мурожаат қилиш мумкин.

Кўпроқ янгиликлар