Сардоба тошқинидан қишлоқ хўжалиги кўрган талафот ҳажми маълум қилинди

Ўзбекистон 15:33 / 16.05.2020 29735

Халқаро пресс-клубнинг Сардоба сув омборидаги ҳодисага бағишланган сессиясида офат оқибатида қишлоқ хўжалиги соҳасига етган зарар бўйича маълумот берилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаевга кўра, талафот кўрган 7 622 гектар пахта ва 3 958 гектар ғалла майдони бузилади. Пахтадан 2 053 гектар, ғалладан 2 026 гектар майдон сақлаб қолинади.

«Бузилган майдонга нима экамиз? 3 260 гектар майдонда чигит экилади. Қорақалпоғистон республикаси билан гаплашилди, бугун-эртага «С-4727» навли уруғлик етиб келади. Унгача ўзимизнинг «Султон» тезпишар нави экиб турилади», деб Шуҳрат Тешаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, зарар кўрган ҳудуд аҳолисининг даромад олишини таъминлаш мақсадида экспортбоп дуккакли экинлар экишга эътибор қаратилади.

«Талафот кўрган халқ даромад билан яшаши керак. Унинг даромадини тезроқ таъминлаш учун биринчи навбатда сув кам талаб қиладиган, экспортбоп дуккакли экинлар, хусусан, мош экилади. Нима учун айнан мош? Чунки у амал даврида сув талаб қилмайди, етилиши билан намига экилиб, кўкартириб олинса, бошқа ташвиши йўқ. Экиннинг ўзи азотни ўзлаштириб олаверади. Гектаридан 1-1,5 тонна мош олинса, 1-1,5 минг доллар даромад олиш имкониятига эгамиз.

Шунингдек, бўшаб қолган ерга сабзавот ва полиз экинлари ҳам экилиши режалаштирилган», деди Шуҳрат Тешаев.

Маълум бўлишича, қишлоқ хўжалигига етган талафотни қоплаш учун давлат бюджетидан жами 9,5 млрд сўм ажратилади.

Кўпроқ янгиликлар