“Сардоба иши” бўйича айбдорлар қачон маълум қилинади? Бош прокуратура изоҳ берди

Ўзбекистон 23:23 / 16.05.2020 46092

Унда иштирок этган Бош прокуратуранинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов ушбу ҳолат бўйича олиб борилаётган тергов ҳаракатлари маълумотлари қачон очиқланиши мумкинлиги борасида тўхталиб ўтди.

Ҳаёт Шамсуддинов / Фото: Халқаро пресс-клуб

“Нафақат ҳозирги тергов, балки бошқа ҳолат мисолини оладиган бўлсак, одамлар бирпасда айбдорларни топиб, унга жазо тайинлаб, ҳукм ўқиб юборишади. Бу нотўғри. Нега? Ўзбекистонда конституция амал қилади. Конституцияда ҳар бир фуқаронинг айбсизлик презумпцияси белгиланган. Яъни ҳеч бир шахс айби исботланмагунча, суд ҳукми қонуний кучга кирмагунга қадар айбдор деб кўрсатилмаслиги аниқ белгиланган.

Ҳуқуқий саводхонликни ошириш конституцияни ўқишдан бошланади. Ижтимоий тармоқларда шу нарсани муҳокама қилиб, барвақт хулоса чиқарганлар авваламбор конституцияни олиб ўқиб, шу нормани ўзлаштириб олиши керак.

Жиноят процессуал кодекси талабига кўра, ҳар қандай жиноят иши бўйича 3 ой муддатдан ошмаган ҳолда тергов тамомланиши лозим. Зарурат бўлган пайтда, жиноят ишининг ҳажмига қараб бу муддат 5 ёки 7 ойгача узайтирилиши мумкин. Бунинг ўз тартиби бор.

Тергов давомида ЖПК тартибига кўра, барча зарурий тергов ҳаракатлари амалга оширилади, мақбул далиллар тўпланади. Ўша пайтда айбдор шахслар доираси аниқланади ва тегишли тартибда ЖПК талаблари асосида уларга айб эълон қилинади, жиноят иши тамомланиб, айблов хулосаси мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилади”, деди Ҳаёт Шамсуддинов.

Унга кўра, айбдор шахслар суд ҳукми қонуний кучга киргандан кейингина оммага маълум қилинади.

“Фамилияларнинг ошкор қилиниши масаласига келсак, ЖПКда аниқ кўрсатиб ўтилган, одил судловни фақатгина судлар амалга ошириши мумкин.

Яъни жиноят иши судга юборилгандан кейин, белгиланган муддатда кўриб чиқилади. Тергов давомида тўпланган далиллар мақбуллиги текширилади. Айбдор шахсларнинг ҳар бирига ҳуқуқий баҳо берилиб, шунга қараб жазо тайинланади ҳамда ҳукм чиқарилади. Ўша ҳукм қонуний кучга киргандан кейингина айбдор шахсларнинг тўлиқ исм-шарифларини оммага эълон қилиш мумкин.

Айбдор шахсларни аниқлаб, жазосини бериб, жазо муқаррарлигини таъминлаш ваколати фақатгина судга берилган”, деб таъкидлади Бош прокуратура вакили.

Халқаро пресс клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев тергов маълумотларининг очиқланиши жараёнга босим бўлиши мумкинлигини қайд этиб ўтди.

“Тергов ишини Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги олиб боряпти. Бош прокуратура назорат олиб боряпти. Шу билан бирга, терговнинг ҳам сирлари бўлади. Тергов сирларини ошкор қилиш нотўғри бўлади, улар ошкор этиладиган бўлса, бу тергов остида, кузатув остида бўлганлар ёки гувоҳ сифатида ўтаётганларга ҳам таъсир қилиши мумкин. Буни ҳам босим кўрсатиш деб билиш мумкин”, деди у.

Аввалроқ тергов тахминларини текшириш мақсадида, дастлабки тергов давомида жами 170 нафардан зиёд шахслар тергов гуруҳи аъзолари томонидан гувоҳ тариқасида сўроқ қилиниб, сув омборини лойиҳалаштириш, қурилиши ва эксплуатация қилиш жараёнлари тўғрисида кўрсатмалар олингани маълум қилинганди.

Кўпроқ янгиликлар