«Яшил» ҳудудлардаги судларда фуқароларнинг шахсий қабулига рухсат берилди

Ўзбекистон 18:14 / 14.05.2020 12793

Олий суд Раёсатининг 20 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси судларида COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, судларда фуқароларнинг шахсий қабули, суд жараёнлари ва сайёр суд мажлислари вақтинча тўхтатилган эди.

Махсус комиссия қарори билан 8 майдан бошлаб ҳудудлар «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифага ажратилгани муносабати билан, 12 май куни Олий суд Раёсати юқоридаги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълум қилди.

Қабул қилинган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, «қизил» ва «сариқ» тоифага кирувчи ҳудудлардаги судларда фуқароларнинг шахсий қабули тўхтатиб турилади ҳамда фуқароларга ҳужжатларни судларга фақат электрон шаклда ёки почта орқали юбориш тавсия этилади.

«Яшил» тоифага кирувчи ҳудудлардаги судларда эса фуқаролар қабулига рухсат берилади.

Шунингдек, «қизил» тоифага кирувчи ҳудудлардаги судлар томонидан фақат қуйидаги ишлар кўрилиши белгиланган:

  • эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш, майда безорилик, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш ва бошқа маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир;
  • қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш;
  • қамоқда сақлаш муддатини узайтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш;
  • шахсни тиббий муассасага жойлаштириш;
  • маъмурий қамоққа олиш;
  • шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш (стационарда ётиш муддатини узайтириш);
  • шахсни сил касаллигига қарши курашиш муассасасига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш (муассасада ётиш муддатини узайтириш);
  • фуқарони муомала лаёқатини чеклаш ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш,
  • бошқа кечиктириб бўлмайдиган тоифадаги ишлар.

Судлар суд буйруғи тартибидаги ишларни (алимент ундириш ва бошқалар) ҳам кўриши мумкин.

«Яшил» ва «сариқ» тоифага кирувчи ҳудудлардаги судларда барча ишларнинг белгиланган тартибда кўрилишига рухсат берилади.

Барча судларда (тоифа ҳудудидан қатъи назар):

  • судья ва мутахассислар томонидан ижтимоий масофани (2 метрни) сақлаган, тиббий ниқоб ва антисептик воситаларидан фойдаланган ҳолда фаолият юритишини таъминлаш;
  • барча турдаги оммавий тадбирлар (маърифат соатлари, семинарлар, конференциялар, давра суҳбатлари, ўқув машғулотлари ва бошқа оммавий тадбирлар)ни ўтказмаслик (судлар фаолияти билан боғлиқ видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган йиғилишлар бундан мустасно);
  • суд биноларига кириш-чиқиш жойларини пирометр ва антисептик воситалар билан таъминлаш, суд муҳокамасига келган ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, ниқобсиз ва тана ҳарорати 370С ва ундан юқори бўлган ҳолатда, суд биносига киритмаслик каби мажбурий талабларга қатъий риоя этиш белгиланган.

Бундан ташқари, кўриб чиқилиш учун тайинланган ишлар қолдирилгани сабабли, уларни кўрилишга қайта тайинланган вақти бўйича суд мажлиси иштирокчиларига алоҳида хабар қилинади.

Кўпроқ янгиликлар