Аҳоли ўртасида «Жисмоний тайёргарлик даражаси» спорт синовлари ўтказилади

Спорт 09:12 / 02.05.2020 2151

Президентнинг “Республика аҳолиси ўртасида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, мамлакатда оммавий жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини мунтазам ўтказиш орқали аҳолини жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига жалб этиш, жисмоний тарбиялаш, соғломлаштириш, камол топтириш юзасидан аҳолининг барча қатламлари ўртасида 2021 йилдан бошлаб ҳар йили “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини ўтказиш тизими жорий этилади.

“Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини ташкил этишнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланади:

юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳолининг спортга бўлган қизиқишини ошириш, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи маданиятини шакллантириш, иммунитетини мустаҳкамлаш, саломатлигини таъминлаш ҳамда спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар ва инфратузилмани яратиш;

ҳаваскор ва профессионал даражада спорт билан шуғулланувчилар сонини ошириш орқали жойларда ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни танлаб олиш (селекция)нинг самарали ва шаффоф тизимини яратиш ҳамда спорт терма жамоалари таркибини сифатли тўлдириш, шунингдек уларнинг захирасини шакллантириш ва юқори малакали спортчиларни босқичма-босқич тайёрлаш тизимини татбиқ этиш;

ёш авлодни жисмонан ва руҳан соғлом, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб вояга етказиш, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган интеллектуал салоҳияти юқори бўлишини таъминлаш ҳамда Ватан мудофаасига муносиб захира кадрлар тайёрлаш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда барча вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотларининг аҳоли саломатлигини таъминлаш борасидаги масъулияти ва ролини янада ошириш ҳамда фаолиятини баҳолаш тизимини жорий этиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Халқ саломатлиги миллий кенгашига, “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларининг жойларда ўтказилишининг республика миқёсида назоратини олиб бориш ваколати берилади.

Бунда, Миллий кенгашнинг асосий вазифаларига қўшимча равишда, вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотларининг белгиланадиган даврийлик асосида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари мунтазам ўтказиб борилиши ва фаол иштирок этилишини таъминлаш, уларга зарурий шарт-шароитлар яратиш, спорт синовларини ўтказиш муддатларини белгилаш, аҳоли ва ёшлар ўртасида бу борада олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ҳар чоракда муҳокама этиб бориш белгиланади.

Миллий кенгаш томонидан барча даражадаги раҳбарларнинг идоравий мансублигидан қатъий назар ташкилотларда фаолият юритаётган аҳолининг турли ёш гуруҳлари қизиқишларини, қобилиятларини ҳисобга олган ҳолда соғлиғини мустаҳкамлаш, фаол ҳаракатланишини таъминлаш бўйича юзага келадиган муаммо ва қийинчиликларни ҳал этиш мақсадида қилган мурожаатларига алоҳида эътибор қаратиш ва бюрократияга йўл қўйилмаслиги юзасидан шахсий жавобгарлик белгиланади.

“Жисмоний тайёргарлик даражаси” махсус спорт синовларининг ғолиб ва совриндорларини I, II, ва III даражали кўкрак нишонлари (гувоҳномаси) билан тақдирланиши ҳамда иштирокчиларнинг эгаллаган ўрни ва даражасига қараб тегишли спорт разрядлари ва унвонлари берилиши, шунингдек, моддий ва бошқа совғалар билан рағбатлантирилиши белгилаб қўйилади.

“Жисмоний тайёргарлик даражаси” махсус спорт синовларининг ғолибларига (I, II, ва III ўрин) ёш кўрсаткичларидан келиб чиқиб, бир йил мобайнида қуйидагилар:

ғолиблар ҳарбий хизматга чақирувга 27 ёшга тўлмаган шахслар, сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат тўловлари (50 %) ҳамда муддатли ҳарбий хизматга юборилишида алоҳида имтиёзга эга бўлиши (тиббий кўрикдан ташқари);

мактаб ўқувчиларининг ўз хоҳишига кўра бир ўқув йили учун жисмоний тарбия фанидан йиллик имтиҳонидан озод қилиниши;

республика миқёсида ишга ёки ўқишга қабул қилинишида жисмоний тайёргарлиги талаб этиладиган барча ижодий имтиҳон (Олий таълим муассасалари спорт фаолиятидан ташқари), синов, амалий машғулотларида устунликка (ижодий имтиҳонда максимал балл ёки амалий машғулотлардан озод қилинишига) эга бўлиши (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлиги хизматининг бошқа талабларига зид келмаганда);

олий таълим муассасаларининг талабалари ўз хоҳишига кўра бир ўқув йили учун семестр имтиҳонларини топширишда алоҳида имтиёзга (ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича) ҳамда таъсис этилган стипендияларга эга бўлиши (ректор ва ҳомийлар стипендиялари);

давлат ташкилотларида ишловчиларни йилига бир марталик имтиёзли равишда дам олиш масканлари ёки санаторийларга юборилиши белгилаб қўйилади.

Кўпроқ янгиликлар