Улуғбек Мирзаев – «Бунёдкор»нинг молиявий ҳолати, жамоанинг вазифаси, коронавируснинг ўзбек клубларига таъсири ҳақида

Спорт 18:16 / 23.04.2020 3862

– Улуғбек ака, жамоанинг молиявий ҳолати қандай? Аввалроқ клуб ўйинчилари 2020 йилда умуман маош олишмагани ҳақида хабарлар тарқалганди.

– Жамоанинг молиявий ҳолати яхшиланмоқда. Футболчи, мураббий ва ходимларга январь ойи маошлари берилди. Ҳомийларимиз шу ҳафтада февраль ойлигини беришни ҳам маълум қилишган.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги, умуман, бутун дунёдаги ҳомийлик ҳисобига яшайдиган клублар коронавирус пандемияси даврида юзага келган молиявий инқироз туфайли оғир вазиятни бошдан кечирмоқда. Лекин бундай ҳолат «Бунёдкор» тарихида биринчи бор содир бўлаётгани йўқ. Эсингизда бўлса, 2010-2011 йилларда ҳам клубда инқироз юз берган.

Шуни айтишим керакки, клубга 9 йил давомида UzTransGaz ҳомийлик қилди. 2020 йилдан эса Uzbekneftegaz ҳомийлиги остига ўтганмиз. Аввалги интервьюда бош мураббийимиз Вадим Абрамов бироз янглишган. Жамоанинг ҳозирги ҳомийси UzTransGaz эмас, Uzbekneftegaz`дир.

– Жамоага бириктирилган ҳомийлар аслида пул беришга мажбурми ёки бу уларнинг ихтиёридами?

– Ҳукумат қарори билан клубларга ҳомийлар бириктирилган. Лекин қанча маблағ бериш, йиллик смета миқдорини белгилаш ҳомий ташкилотлар ихтиёрида.

– Клуб боқимандаликдан халос бўлиш учун нималар қилмоқда?

– «Бунёдкор» – ўзини-ўзи боқиш учун янгиликлар қилишга уринаётган клублардан бири. Мана, ўтган мавсумдан бери бир қанча компаниялар билан уларнинг брендларини уй ўйинларимизда, либосларимизда, сайтимизда реклама қилиш бўйича шартномалар имзоладик. Академиямизда тижорат йўналишини йўлга қўйдик, яъни бадал пули эвазига машғулотларимизга қатнайдиган ёш футболчилар гуруҳларини ташкил этдик. Бундан ташқари ўйинчиларимиз трансфери ва ижарасидан ҳам даромад топяпмиз. Аммо тан олишимиз керакки, булар етарли эмас. Биз кўпроқ пул топишга мажбурмиз, чунки ютуқлар ортида катта сарф-харажатлар туради.       

Пандемия тугаганидан сўнг стадионимизда концертлар, йилда 1-2 бор хориж клублари билан ўртоқлик ўйинлари ташкил этмоқчимиз. Ўртоқлик баҳсларига энг камида Туркия жамоаларини таклиф этишни мақсад қилганмиз. Бу йўл орқали чипталар савдосидан, телетрансляциялардан яхшигина маблағ топсак бўлади.

– ПФЛ клубларнинг боқимандаликдан қутулиши учун уларга эркинлик яратиб беряптими?

– Бутун дунёдаги клублар асосан 2 хил йўл билан даромад топади: телетрансляциялар ва рекламалар. Лекин бизнинг клублар учун бу йўллар ёпилган десам ҳам бўлади. Чунки телетрансляциялар тўлиғича ПФЛ қўлида. Аммо бизда трансляциялардан кўп пул тушади, деб ҳам бўлмайди. Майдон четидаги реклама баннерларининг эса 50 фоизи клубларга берилган. Бу борада ҳам чекловлар мавжуд. Масалан, ПФЛ Coca Cola билан шартнома имзолагани учун клублар бошқа газланган ичимликлар компанияларига реклама хизматини тақдим эта олмаяпти.

Бизга Pepsi'дан таклиф бўлди, лекин Суперлига расмий титул ҳомийсининг чеклови туфайли молиявий жиҳатдан фойдали бўлган шартномадан қуруқ қолдик. Бу билан ПФЛ ва ЎФАни қораламоқчи эмасман. Аммо пандемиядан сўнг юзага келадиган инқироз туфайли шундай жиҳатларни ўйлашга мажбурмиз. Яқин кунларда мана шу масалалар ва тақиқлар бўйича ПФЛга таклиф, илтимослар билан чиқмоқчимиз.   

– Жамоа рекламалар орқали даромад кўряптими?

– Ҳа, лекин етарли эмас. «Бунёркор» тарихида биринчи марта футболчилар либосининг орқа томонидаги рақамлар остида реклама бренди пайдо бўлди. Бундан ҳисобимизга яхшигина маблағ келиб тушди. Бундан ташқари ўтган йили 20га яқин компаниялар билан реклама шартномаларини имзоладик. Йилдан йилга бу борада ривожланишга эришмоқчимиз.

Қўшимча қилиб шуни айтишим мумкинки, коронавирусга қадар кўплаб потенциал реклама берувчилар билан музокаралар олиб бораётгандик. Аммо пандемия туфайли музокаралар тўхтаб қолди.

– Бутун дунёда клублар карантин даврида мураббий ва футболчилар маошини қисқартирмоқда. Хўш, «Бунёдкор»да ҳам шундай бўладими?

– Бундай ҳолатлар асосан юқори маош тўлайдиган топ-клубларда кузатилмоқда. Бизнинг футболчи ва мураббийлар ўзи шундоқ ҳам кам ойлик олишади. Футболчилардан қарзимиз бўлиб турган даврда улардан маошлари қисқаришини сўраш тўғри бўлмаса керак.

– Коронавирусдан кейинги молиявий инқироз ўзбек клубларига, хусусан, «Бунёдкор»га қанчалик таъсир кўрсатади?

– Жамоалар энди кўрпасига қараб оёқ узатишига тўғри келади. Нафақат бизда, 90 фоиз ўзбек жамоаларида муаммолар юзага келиши мумкин. Ҳали ўз-ўзини таъминлайдиган клуб эмасмиз. Аммо оғир вазиятга қарамай, бизни молиялаштиришда давом этаётган «Ўзбекнефтегаз» акционерлик компаниясига миннатдорчилик билдирамиз.

 – Инқироз туфайли «Бунёдкор» етакчи ўйинчиларини сотишга мажбур бўлмайдими?

– Ҳар йили камида 1-2 академия ўйинчиларини хориж жамоаларига сотиш ва бундан даромад олиш – клубнинг устувор вазифаси. Мажбурликдан эмас, режа асосида ўйинчиларни трансфер қиламиз. Президентимизнинг 2019 йил 4 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонларида ҳам маҳаллий ўйинчиларни хориж клубларига трансфер қилиш кераклиги айтилган. Маҳаллий футболчиларнинг хорижга йўл олиши нафақат бизнинг, Ўзбекистон миллий жамоасининг манфаатларига ҳам хизмат қилади.

Аъзамжон Иззатиллаев суҳбатлашди

Кўпроқ янгиликлар