Жаъфар Ирисметов: «Жасур Яхшибоевга Португалия ва Европанинг икки чемпионатидан таклиф тушди»

Спорт 14:48 / 18.04.2020 10496

«Пахтакор»дан ижара асосида «Энергетик-БГУ» клубида тўп сураётган 22 ёшли яримҳимоячига Европанинг бир қатор чемпионатларидан таклифлар келиб тушган. Бу ҳақда Тошкент клуби спорт директори Жаъфар Ирисметов Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

- Жаъфар ака, «Пахтакор»га тегишли бўлган Жасур Яхшибоев Европада тўхтатилмаган ягона чемпионатда легионер сифатида ўзини кўрсатмоқда. Унга таклифлар тушдими?

- Ҳа, Жасур Яхшибоев бўйича бизга таклифлар бор. Хусусан, Португалия, Польша ва Венгрия клубларидан қизиқишлар бўлди.

- Қайси клублар эканлигини айта оласизми?

- Португалия чемпионатидан ўртамиёна клубдан таклиф бор, Польша ва Венгриядан эса етакчи жамоаларидан чақирув бор.

- «Пахтакор» бу борада қандай йўл тутмоқчи? Ҳар ҳолда Яхшибоевнинг ўзи яқинда «Пахтакор»га қайтмоқчи эмаслигини айтиб ўтди...

- Бундан хабаримиз бор, балки унинг «Пахтакор»да ўйнагиси келмаётгандир. Агарда бош мураббий унинг қайтишини истаса, фақат футболчининг хоҳишига боғлиқ бўлмайди. Кўрамиз, балки уни сотармиз. Буни мураббий ва раҳбарият ҳал қилади.

- Жасур Яхшибоевнинг «Пахтакор» билан шартномаси неча йилга тузилган?

- Ҳали яна тўрт йиллик шартномаси бор. Келишув 2023 йилнинг 31 декабрь кунига қадар имзоланган. Клуб футболчи билан алоқада бўлиб турибди. Умид қиламизки, футболчимизнинг Беларусь Олий лигасидаги фаолияти муваффақиятли давом этади. 

Усмон Ибодов суҳбатлашди.

Кўпроқ янгиликлар