«Барселона» раҳбарияти коррупцияда айбланди, клуб буни инкор қилмоқда

Спорт 19:14 / 10.04.2020 6815

«Менимча, кимдир клуб ғазнасидан пул ўғирламоқда. Масалан, I3 Ventures компаниясига 1 млн евро тўланди, ваҳоланки, бозорда бу хизматларнинг нархи – 100 минг евро.

Ким ўғирлаяпти? Албатта раҳбариятдан кимдир. Кимлигини билмайман, аммо шубҳам бор…», – деди Русо.

Февраль ойида «Барселона» клуби президент Жозеп Бартомеунинг имижини ижтимоий тармоқларда яхшилаш учун I3 Ventures компаниясига пул тўлагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. 

Испаниялик журналистларнинг аниқлашича, I3 Ventures компанияси твиттер ва фейсбукдаги ўзига тегишли бўлган 100га яқин аккаунтлар орқали президент ҳақидаги янгиликларга ижобий шарҳлар қолдирган. Месси, Пике, Гвардиола ва президентликка номзод бўлган бошқа шахслар шаънига эса салбий изоҳлар берилган.

Бу маълумотлар ошкор бўлганидан сўнг, клуб раҳбариятидаги зиддият кучайган. Раҳбариятнинг бир неча аъзолари Бартомеу фаолиятидан норози бўлган ва клубни тарк этишга қарор қилган. Улар орасида Энрике Томбас, Сильвио Элаяс, Мария Тейшидор, Хосеп Понт ва Хорди Калсамилья бор. 

Ўз навбатида «Барселона» Эмили Русо сўзларига муносабат билдирди ва баёнот берди.

«Собиқ вице-президент Эмили Русо жиддий ва асоссиз айбловларни олдинга сурди. «Барселона» коррупция деб баҳоланиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатларни инкор қилади. 

Бундан ташқари, ноқонуний ҳаракатларни қайд қилиб бориш ҳуқуқи борлигини ҳам эслатади. Шу туфайли ҳам Ижтимоий тармоқларни мониторинг қилиш хизмати фаолияти мустақил PriceWaterhouseCoopers томонидан аудит текширувидан ўтказилмоқда», – дейилади баёнотда.

Кўпроқ янгиликлар