Зафар Холмуродов – миллий жамоада нега имконият берилмагани, фаолиятидаги хатоси ва «Насаф» нега чемпион бўла олмагани ҳақида

Спорт 15:20 / 03.04.2020 12234

Ўзбек футболи тарихидаги энг яхши тўпурарлар ҳақида гап бораркан, тасаввуримизда биринчилардан бўлиб гавдаланадиган ҳужумчилардан бири Зафар Холмуродовдир. Яқин ўтмишгача Олий лиганинг доимий тўпурарлари қаторида бўлган собиқ ҳужумчи анчадан буён футболимиз айвонида кўриниш бермаса-да, аслида мураббий сифатида ўзбек футболи учун қатор иқтидорларни етказишда катта ҳисса қўшмоқда.

 Баҳорнинг илк кунларида Қашқадарёда бўлган Kun.uz ва Tribuna.uz мухбирлари Зафар Холмуродов билан учрашиб, ундан интервью олишга кўндирдик. Кўп йиллардан бери «Насаф» клуби ўринбосарлари бош мураббийи сифатида фаолият юритаётган собиқ ҳужумчи билан Қаршидаги «Марказий» ўйингоҳ трибунасида суҳбатлашдик. Бир неча кун олдин суҳбатнинг биринчи қисми тақдим этилганди, қуйида интервьюнинг иккинчи қисмини ўқишингиз мумкин.

«Футболга академия ёки мактабдан эмас, 21 ёшда кўча футболидан кириб келганман»

- Зафар ака, футболга нисбатан кечроқ кириб келгансиз, шундайми?

- Худди шундай, 21 ёшимда Қаршига келганман. Унгача мактаб ёки академия кўрмаганман. Шаҳрисабзда «Ҳисор» ҳаваскорлар жамоасида тўрт ойча тўп сурганимда, «Машъал» жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказилганди. Ўшанда мураббийлар Владислав Хан ва Юмангулов эътиборига тушиб, 1996 йил янги ташкил этилган «Насаф» жамоасига таклиф этишганди. 21 ёш ўшанда футболчи бўлиш учун кеч эмас эди, ҳозир эса сал кечиккан ҳисобланади.

- Ҳавода бир зум муаллақ туриб, бош билан гол уришда Олий лигада тенгсиз футболчи эдингиз. Бу иқтидорми ёки меҳнат маҳсули?

- Менимча, иқтидор бўлган. Чунки кўпчилик четдан кўриб кўп сўрарди, “Зафар, сакраганда қандай пауза ушлаяпсан?” – деб. Буни шахсан ўзим ҳеч қачон ҳис қилмаганман, сезмаганман ҳатто. Шу боис буни қобилият деб ўйлайман. Меҳнат маҳсули дейдиган бўлсам, нотўғри бўлади. Сабаби футболга академия ёки мактабдан эмас, кўча футболидан кириб келганман. Фикримча, ёшлигимдан баскетбол, волейбол ҳаммасини аралаш ўйнаб юрганим боис, шунақа иқтидор пайдо бўлган.

«Миллий жамоада имконият деярли берилмасди»

- Олий лигада мунтазам тўпурарлар сафида юрсангиз-да, Ўзбекистон миллий жамоасига кам чақирилгансиз. Сизнингча, бу нима билан боғлиқ бўлган?

- Тўғриси, шу саволга ўзимда ҳам аниқ жавоб бўлмаган, унча тушунмаганман. Миллий жамоага чақиришарди, аммо имконият деярли беришмасди. Бизни вақтимизда миллий жамоада ўйнатишмаса ҳам, ҳеч ким мураббий олдига бориб, “нега мени ўйнатмаяпсиз?”, - дея сўрай олмасди. Йиғинга чақиришарди, бориб пухта тайёрланардик. Ўйинга туширишса ўзимизни кўрсатишга интилардик, бўлмаса ўйнамай яна клуб қароргоҳига қайтиб келардик. Ҳозир эса ўзгариб кетди.

Ўйлайманки, ўшанда бизга етарлича имконият берилмаган. Футболчи чақирилдими, имконқадар битта ўйинда ўйнаш имкониятига эга бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Аммо ўша пайтда мураббийлар футболчиларга тушунтириб ҳам ўтирмасди, биз ҳам ўйинда имконият беринг, деб мураббий олдига боришни ҳатто тасаввур ҳам қилолмасдик.

Умуман олганда, миллий жамоамизга мени асосан хорижлик мураббийлар чақиришган. Юрген Геде ва Боб Хоутон даврида чақирувлар олардим. Улар ўйинимизни кузатишган. Маҳаллий мураббийларимиздан эса бир марта Юрий Вазгенович Саркисян имконият бергандилар. Бу мутахассисни жуда ҳурмат қиламан. 25 йил «Нефтчи»ни кучлилар сафида олиб юрдилар. Ҳозиргача учрашиб қолсак, кўришиб, ҳол-авҳол сўрайман. Юрий Саркисяннинг ўзбек футболи ривожига қўшган ҳиссаси катта.

- Юрий Саркисян сизни «Нефтчи» жамоасига ҳам таклиф қилганми?

- Йўқ, эслолмайман. Лекин Тачмурод Агамуродов беш йил давомида жуда кўп марта «Пахтакор» жамоасига таклиф этган эдилар. Аммо «Насаф» ҳар сафар рад жавобини бериб, мени қўйиб юбормаган.

 - «Насаф» билан кўп карра совриндор бўлгансиз, аммо негадир ҳар доим пешқадамлик учун нимадир етмай қолиб, чемпионлик насиб этмаган...

- Тўғри, фаолиятимда чемпионлик насиб этмади. Чунки ўша пайтда кучли жамоалар кўп эди. Рақобат ҳам кучли эди. Биз биринчи ўринни олишга кўп ҳаракат қилардик. Аммо негадир мақсадимизга етолмаганмиз.

Футболдан бошқа мавзуларга ҳеч қачон аралашмаганман, тушунмайман ҳам. Аввалдан мени вазифам ҳар доим, майдонда ўйнаш, ғалаба қозониш, мухлисларни хурсанд этиш бўлган. Ҳозир ҳам шундай.

Тожикистондаги оғир шароитдаги ўйин, «Насаф»ни нега тарк этгани ва фаолиятидаги хатоси ҳақида

- «Насаф»нинг Осиё майдонларидаги ўйинларини қандай эслайсиз?

- Хотиралар кўп. Билсангиз, 2001 йилда Осиё Чемпионлар кубогида «Нефтчи» қатнашиши керак эди. Аммо уларнинг ўрнига биз қатнашадиган бўлдик. Дастлаб саралаш босқичидаги икки ўйинда Туркманистоннинг «Копетдоғ» клубини мағлуб этиб, Тожикистонда Қўрғонтепанинг «Умед» клубига қарши ўйнашимиз лозим эди. Ўшанда бизни хавотирли сафар кутиб турганди. Чунки қўшниларимизда вазият нотинч, қийин даврлар эди. Ўйин ҳам пойтахт Душанбеда эмас, чеккароқ вилоятда эди. Қўрғонтепа шаҳридаги стадионга етиб борсак, трибуна йўқ, майдон тошлоқ оғир аҳволда эди. Халқаро ўйинда наҳот шунақа майдонда ўйнаймиз деб ҳайрон қолгандик. Ўйин олди машғулот ўтказаяпмиз, қарасак, мухлислардан ҳам дарак йўқ – стадион бўм-бўш, асосан ҳарбийлар. Ўшанда бугун томошабинларсиз ўйнарканмизда, деб турсак ўйин бошланишидан олдин тоғли ҳудуддаги қишлоқлардан тўда-тўда одамлар кела бошлади. Қизиғи, улар майдон атрофида тик оёқда туриб ўйинни томоша қилишганди. Ҳозиргача ҳайрон қоламан, ўшанда қитъанинг энг нуфузли турнири Осиё чемпионлар кубогини ҳам шунақа оғир шароитларда ўтказишга ОФК рухсат берган экан деб. Ўйинда 2:3 ҳисобида ютганмиз. Ҳозир ўша пайтдаги вазиятни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Кейинчалик биз гуруҳ босқичида Эроннинг «Истиқлол», Кувайтнинг «Ал-Кувайт», БААнинг «Ал-Ваҳда» клуби билан ўйнаб, гуруҳдан эронликлардан кейинги 2-ўринни эгаллагандик.

Кейинчалик 2006 йилда вилоят ҳокими Нуриддин Зайниев таклифига кўра, «Насаф»дан мен, Камолиддин Кенжаев, Ботир Қораевлар Осиё чемпионлар лигасига йўлланма олган «Машъал»га бир йил ёрдам бергандик.

- 11 йиллик фаолиятдан кейин «Насаф»ни тарк этиш қандай кечди?

- 2008 йил «Насаф»да бош мураббий Эдгар Гесс иш бошлагач, иккинчи даврада жамоани тарк этишимга тўғри келди. Орада қандайдир тушунмовчиликлар бўлган, балки мен ҳақимда ўша пайт ҳокимга нотўғри маълумот беришгандир. Балки мураббийнинг қарашларига тўғри келмагандирман. Жонажон жамоамдан кетиш осон бўлмаган. Ўшанда Тачмурод Агамуродов Самарқандга таклиф этганди. «Шунча йил «Пахтакор»га таклиф қилганимда келмаган эдинг, бу сафар «Насаф» қандай қилиб сени осон қўйиб юборди?» - дея ҳайрон қолганди.

 - «Динамо», «Хоразм», «Олмалиқ»даги фаолиятингиз нима билан ёдда қолган?

- Тўғрисини айтсам, улар орасидан Хоразмдаги фаолиятимни эслашни ҳам хоҳламайман. Ўтиб хато қилганман. У ерда футболга эътибор йўқ эди. 2009-10 йил Олий лигада мақсад қўйилганди, аммо шунга яраша ҳаракат қилинмасди. Жамоада тажрибали таркиб йиғилган бўлса-да, ҳаттоки мураббий томонидан ҳам эътибор яхши эмасди. Жамоа бўлганидан кейин футболчилар бирга машғулот ўтаб, бирга овқатланиши лозим. У ерда эса футболчилар қароргоҳда эмас, кўчадан овқатланиб юрарди. Шу боис гапиришни ҳам хоҳламасдим.

«Олмалиқ»да эса ярим йил тўп сургандим. Чунки жароҳатим панд бериб қўйганди. Ўз вақтида Ўзбекистон Олий лигасида биринчи бўлиб 200-голимни урсам, фаолиятимни тугатаман дегандим. Фаришталар омин деган экан шекилли, қизиғи, «Олмалиқ» сафида 2012 йилда чемпионатдаги 200-голимни урганимдан кейин оғир жароҳат олдим. Якунда эса бутсамни михга илишга мажбур бўлдим. Ўшандан буён «Насаф»да мураббий сифатида ишлаб келаяпман.

Миллий жамоадаги қизиқарли воқеа, ҳозирги ҳужумчиларимизга нима етишмаслиги ҳақида

- Суперлигада қайси футболчиларни алоҳида кузатиб борасиз?

- Масалан, «Пахтакор»дан Жалолиддин Машариповнинг ўйинларини кузатиб бораман, ўзимиздаги Ойбек Бозоров ҳам ўсиши ёмон эмас. Айнан мана шундай футболчилар ўйинни ўзига олишдан қўрқмайди, жамоасига кўпроқ вазият яратиб беради. Ҳужум пайтида рақибнинг бир футболчисини алдаб ўтса, чизиқлар бузилади, жамоада голли имконият юзага келади. Ҳужумчилардан Бобур Абдухолиқов маслаҳат сўраб туради, у бу йил мавсумни яхши бошлади. Шундай руҳда давом этса тўпурарга айланиши мумкин.

- Суперлигада кимларни ўйини сизга маъқул?

- «Пахтакор»дан Драган Черанни ўйинлари ёқади. Қолаверса, шогирдимиз Бобур Абдухолиқовни ҳам интилиши яхши. У ҳали яна ўсади. Ўз устида ишлашда давом этса, тўпурарлик учун ҳам курашиши мумкин.

- Ҳозирги ҳужумчиларимизга етишмаётган энг муҳим жиҳат нима?

- Аксариятида совуққонлик етишмайди. Битта ҳимоячини тўпсиз ҳам алдаш мумкин бўлса-да, бу қобилият кўп ҳужумчиларимизда йўқ. Ҳужумчи голни ҳис қила олиши керак. Шу жиҳатлар етишмаётгандек.

- Суҳбатимиз якунида миллий жамоамизга боғлиқ қандай қизиқарли воқеани эслай олайсиз?

- Битта воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. 2000 йил Юрий Вазгенович қўл остида Хитойдаги турнирда қатнашгандик. Хонада Асрор Алиқулов билан бирга турардим. Эрталаб нонуштадан кейин автобусда жўнаб кетишимиз керак эди. Саҳарлаб хонага қўнғироқ қилиб уйғотишди, гўшакни кўтариб «бўлди чиқамиз», деб яна ухлаб қолганмиз. Орадан қанчадир вақт ўтиб, хонамизни эшиги синар даражада таққилатилганди. Шошилиб чиқиб, автобусга минсак ҳамма фақат бизни кутиб ўтирган экан. Хайрият чиқдинглар, деб юборишганди. Ҳалигача шуни эслаб турамиз, хотирамда сақланиб қолган.

Анча йиллардан бери интервью бермагандим. Суҳбатимиз якунида узоқдан йўқлаб келганларинг учун миннатдорчилик билдираман. Яқинда собиқ жамоадошимиз Камолиддин Кенжаев билан суҳбат уюштириб, дўстимизнинг муаммолари ечилишида катта ёрдам бердинглар. Kun.uz ва Tribuna.uz сайти ижодкорларининг ижодий фаолиятига омад тилаб қоламан.

Усмон Ибодов суҳбатлашди.
Тасвирчи Фахриддин Ҳотамов.

Интервьюнинг 1-қисми:

Кўпроқ янгиликлар