Хайрулла Ҳамидовдан: Ўйнаётган афсона

Спорт 16:59 / 30.03.2020 14473

Рамос – ўйнаётган афсона. Энг яхши таъриф шу. Яна бир таъриф борки, Серхионинг ўзи бизга айтиб беради:
“Ўн беш ёшимдан бери “Севилья”даман. Тўрт йил ўтгач, бор-йўғи 19 ёшимда мени терма жамоага чақиришди. Машғулотларидан бирига борар эканман, одатий юмушларимни қилдим: сумкамда эҳтиёжимга керак матоҳлар, бутса ва формам. Чунки терма жамоа машғулотидан ё ўйинидан сўнг уйга қайтасан, бу нарсаларни ўзинг билан олиб юришинг керак. 

Ўша куни мен уйга қайтмадим. Балки Лас Росасда соат 23:30да шартномага қўл қўйдим. Трансфер оинаси ёпилишига ярим соат қолганди. Шартноманинг пастки қисмига қўл қўяр эканман, бунга ўша пайти ишонолмасдим. Ҳа, ҳа, ўша куни телефоним смсларга тўлиб кетди. Ҳаётим давомида энг кўп смс қабул қилган куним эди. 

Бу имзонинг остида олдинга ташланган катта қадам ва оғир масъулият ётарди. Ҳозир мен яна ўша ғўр давримга қайтиб қолсам ҳам, шу ишга такрор қўл урардим. 

Тасаввур қилиш қийин, “Севилья” ўйинчиси бўлиб уйқуга ётасан, “Реал” ўйинчиси бўлиб уйғонасан. Даҳшатку! Ва эрталаб бир жамоага боришингни-да биласанки, у ердаги кийим алмаштириш хонасида сени Рауль, Бекҳэм, Зизу, Икер, Роберто Карлос, Роналдо каби юлдузлар кутиб олади. Ахир, уларнинг бари менинг кумирларим-ку. 12 соатдан сўнг улар билан бир хонадасан. Даҳшатку бу!
Дунё остин-устун бўлиб кетгандек туюларди менга!”

Зўр изоҳлар, а? Ҳа, Рамоснинг гапларида самимият бор. Ўша ғўрлик даврини самимий эслай олган. Лекин бугун у шундай даражага чиқдики, Қироллик клубига келадиган ҳар қандай ёш болакайнинг хаёлидан энди  Серхио номи биринчи бўлиб эсланадиган рўйхат тузилади. Бўлди. Эртак шундай бўлади. “Атлетико” дарвозасига сўнгги сонияларда урган голи каби тугайди ва бошқачаси Рамос каби афсонавий юлдузга ярашмайди ҳам.

Дарвоқе, “Атлетико” дарвозасига урилган голидан сўнгги гапини эсланг: "Энди хотиржам ўлсам бўлаверади!"

Хайрулла Ҳамидов

Кўпроқ янгиликлар