Навоийга ҳам кириш ва чиқиш тўхтатилади

Ўзбекистон 08:07 / 27.03.2020 18491

2020 йил 27 март куни соат 12:00дан бошлаб, Навоий ва Зарафшон шаҳарлари, шунингдек, Учқудуқ, Томди, Конимех ва Хатирчи туманларига вилоятнинг барча ҳудудларидан кириш ва чиқиш ҳар қандай транспорт воситаларида (автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт) тўхтатилади. 

Навоий вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, бу вилоят аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекциясининг вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишининг олдини олиш мақсадида махсус комиссия қарорига кўра амалга оширилади.

Мазкур ҳудудларга кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга, шунингдек, шаҳар ва туманларда (Навоий, Зарафшон шаҳарлари, Учқудуқ, Томди, Конимех ва Хатирчи туманлари) доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган раҳбар ва ходимлар, шифокор ва ҳамширалар, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари ҳамда вилоят ҳокимининг алоҳида топшириғига асосан вилоят туманларига бириктирилган масъул ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Шу билан бир қаторда, 27 март куни соат 12:00дан бошлаб ушбу ҳудудларда автобуслар ҳаракати тўхтатилади.

“Вилоятнинг шаҳар ва туманлари ҳудудларига киришга қўйилган чекловлар ва карантин қоидаларини бузган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирамиз!

Азиз навоийликлар, сизларни яна бир бора карантин даврида тартиб-интизом ва амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этишга ҳамда зарурат бўлмаса уйда қолишга чақирамиз!” - дейилади хабарда.

Бундан олдин, Бухоро шаҳрига кириш ва шаҳардан чиқиш тўхтатилгани хабар берилганди.

Кўпроқ янгиликлар