ОТМ ва мактаблар рейтинги ўз вақтида эълон қилинади – Таълим инспекцияси

Ўзбекистон 16:27 / 26.03.2020 4214

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Феруза Мадраҳимова АОКАда ўтказилган брифингда таълим муассасалари рейтинги ўз вақтида эълон қилинишини маълум қилди.

«Мактаблар рейтинги ҳам, ОТМлар рейтинги ҳам жорий йилда албатта эълон қилинади. Бу бўйича жараён тўхтагани йўқ.

Олий таълим муассасалари рейтингига оид маълумотлар таҳлил қилиб бўлинди, энди тасдиқлаш учун ОТМ ректорларига юборишга тайёрланмоқда. Муддати 1-10 апрель. Ректорлар томонидан 2020 йил 1 майгача кўриб чиқиб тасдиқлаб берилганидан сўнг, кўрсаткичларга балл ҳисоблаш жараёни бошланади. Жорий йилнинг август ойида ОТМлар рейтинги оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка эълон қилинади.

Мактаблар рейтинги бўйича маълумотлар таҳлил қилиняпти. 2019 йил октябр-декабрь ойларида республикадаги мактабларнинг 10 фоизида назорат ишлари ва сўровномалар ўтказилиб, натижалари тайёрлаб қўйилди. Ҳозирги вақтда навбатдаги 10 фоиз мактабларга назорат материаллари тайёрланмоқда.

Агар карантин сабабли назорат ишларини ўтказиш имконияти бўлмаса, дастлабки ўтказилган натижалар асосида мактаблар рейтингини ҳам август ойида эълон қилиш мумкин бўлади», дея Мадраҳимованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Брифингда мактабларда PISA халқаро баҳолаш тажрибаси карантин тугагандан сўнг ўтказилиши маълум қилинди.

«2020 йилнинг апрель-май ойларида PISA ва PIRLS халқаро баҳолаш дастури доирасида Ўзбекистонда тажриба-синовларини ўтказиш белгиланган эди. Карантин туфайли тажриба-синовларни ўтказиш вақтинча тўхтатилди. Лекин бу тажриба-синовлар умуман ўтказилмайди, дегани эмас. Бу ҳақида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёти ташкилоти (OECD) ва Таълим ютуқларини баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) ҳамда тегишли халқаро ҳамкорлар билан мулоқот олиб борилди. Тажриба-синовини ўтказиш бўйича янги муддатлар карантин даври ижобий якунлангандан сўнг белгиланади», деди Мадраҳимова.

Унинг қўшимча қилишича, телевидение орқали эфирга узатиладиган дарсларда PISA халқаро тадқиқотларига тайёргарлик бўйича ҳам дарслар берилади. Видеодарсларда ҳам тренер-ўқитувчилар томонидан халқаро баҳолаш дастурлари ҳақида маълумотлар ва тегишли фанларнинг баъзи мавзуларига мос равишда савол ва топшириқларларидан ҳам намуналар бериляпти.

Инспекция ҳузуридаги Миллий марказ томонидан PISA халқаро тадқиқотларига тайёргарлик бўйича 30га яқин видеодарслар ва ўқув қўлланмалар тайёрланган. Ушбу видеодарслар Инспекциянинг расмий сайти tdi.uz, телеграм канали ва ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам эълон қилиняпти.

Кўпроқ янгиликлар