«Маҳалла ва оила» институтининг асосий вазифалари белгиланмоқда

Ўзбекистон 09:03 / 26.03.2020 3197

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Президентнинг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сон фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда “Маҳалла” ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот маркази негизида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти ташкил этилган.

Белгиланишича, Институт маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлашга кўмаклашувчи, фуқаролар йиғинларини аҳолининг чинакам маслакдошига айлантириш ва “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этиш ишларини илмий-услубий ва ахборот-таҳлилий таъминлаш фаолиятини амалга оширувчи ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг йўналишлари этиб белгиланади:

жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган тизимни тўлақонли ва самарали жорий этиш, маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш соҳасида устувор йўналишларни шакллантиришда иштирок этиш, фанлараро фундаментал, амалий илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда уларни натижаларини амалиётга жорий этиш;

маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликларини оширишга қаратилган концепцияларни, комплекс, мақсадли, соҳавий ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишнинг илмий-методологик асосларини шакллантириш;

маҳаллалар ва оилаларда соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳит ҳамда тинчлик, тотувлик ва осойишталикни таъминлаш, умуминсоний ва миллий қадриятларни, шу жумладан оилавий қадриятларни мустаҳкамлашнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш;

маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликларини ошириш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш соҳасидаги долзарб илмий муаммоларга бағишланган илмий, илмий-амалий конференциялар, семинарлар, йиғилишлар ташкил этиш, шунингдек ушбу соҳада юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш, илмий ходимларнинг касбий даражасини доимий ошириб бориш ва такомиллаштириш;

Институт фаолияти йўналишлари бўйича республикадаги таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш, хорижий мамлакатларнинг илғор илмий-тадқиқот муассасалари билан халқаро алоқаларни ривожлантириш;

оммавий ахборот воситаларида, жумладан телевидение ва интернет-ресурсларда илмий тадқиқотлар натижаларини кенг ёритиш, шунингдек, аҳолининг маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлашдаги ижтимоий фаолликларини оширишда иштирок этиш.

Белгиланишича, Институт давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазначилик ҳисоб рақамларига эга бўлади.

Институт Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда “Маҳалла” ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот марказининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланади:

бинолар ва иншоотларни сақлаш харажатларини молиялаштириш, шунингдек, Институт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари;

Давлат илмий-техника дастурларини амалга ошириш учун ажратиладиган Давлат бюджетлари маблағлари;

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда “Нуроний” жамғармаси маблағлари;

хўжалик фаолиятидан ҳамда шартнома асосида тадқиқотлар ўтказишдан келиб тушган тушумлар;

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгилаб қўйилишича, Институт ходимларига Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.

Белгиланишича:

Институт директори маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг тавсиясига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;

директор ўринбосарлари Институт директорининг тавсиясига асосан маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;

Институт директори меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий таъминот, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра вазир ўринбосарига, директорнинг ўринбосарлари эса Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғига тенглаштирилади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Исмоилий кўчаси, 1Г-уй манзилидаги бинони оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Институтга бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Кўпроқ янгиликлар