20:04 / 25.03.2020
5738
Туркия Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича 20 кишига айблов илгари сурди
Фото: Chris McGrath/Getty Images

Истанбул прокуратураси саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши иши бўйича 20 гумонланувчига нисбатан айблов илгари сурди. Барча айбланувчилар Интерпол линияси бўйича халқаро қидирувга берилган.

Бу ҳақда Millі Gazete нашри хабар берди. Таъкидланишича, Истанбул прокуратураси Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича терговни якунлаган.  

Прокуратура маълумотларига кўра, айбланувчилар орасида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодасининг собиқ маслаҳатчиси Сауд ал-Қаҳтоний ва Саудия разведкаси раҳбарининг собиқ ўринбосари, генерал Аҳмад ал-Асирий бор. Улар “ўта шафқатсизлик билан қасддан қотиллик содир этишга ундашда”, қолган 18 киши эса бевосита қотилликни содир этишда айбланмоқда. 

Прокуратура баёнотида таъкидланишича, айбловлар гумонланувчиларнинг мобил телефонларидаги ёзувлар таҳлили, уларнинг Туркияга кириши ва чиқиб кетиши, журналист ўлдирилган консулхонада бўлгани ҳақидаги маълумотлар ҳамда гувоҳлар кўрсатмалари ва Қошиқчининг мобил телефони, ноутбуги ва iPad планшетидаги маълумотларга асосланган.

The Washington Post нашрида ишлаган Жамол Қошиқчи 2018 йил 2 октябрда Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консулхонасига ташрифи вақтида бедарак йўқолган. 20 октябрда Саудия Арабистони расмий идоралари журналист консуллик биносида жанжал вақтида ўлдирилганини маълум қилган. Журналистнинг жасади топилмаган. Жаҳон ҳамжамияти ушбу жиноятни кескин қоралаб, Ар-Риёдни очиқ-ойдин тергов ўтказишга чақирган.

2019 йил декабрда Саудия Арабистони суди журналистнинг ўлдирилиши иши бўйича 5 кишини ўлим жазосига ва 3 кишини қамоқ жазосига маҳкум қилган. 3 кишидан эса айблов олинган.

Таъкидланишича, Саудия Арабистони прокуратураси Қошиқчининг ўлдирилишини ташкиллаштиришда муҳим роль ўйнаган бир неча кишига, жумладан ал-Қаҳтоний, Саудия Арабистонининг Истанбулдаги собиқ бош консули Муҳаммад ал-Утайба ва ал-Асирийга айбловлар илгари сурмаган.

Анқарада Саудия Арабистони олиб борган тергов ва чиқарилган ҳукмдан норозилик билдирган.

Шунингдек, БМТда Саудия Арабистони суди чиқарган қарор “майнабозлик” деб аталган. БМТнинг суддан ташқари қатл этишлар масалалари бўйича махсус маърузачиси Агнес Калламард бевосита қотиллар айбдор деб топилиб, ўлим жазосига ҳукм қилингани, бироқ жиноят ташкилотчилари нафақат озодликда қолаётгани, балки тергов ҳам қилинмаганини айтиб ўтган.

Ғарб разведка хизматларининг фикрича, журналистни ўлдиришга буйруқни бевосита Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон берган. 

2019 йил кузда Муҳаммад бин Салмон подшоҳликнинг Истанбулдаги консуллигида журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши билан боғлиқ воқеа учун жавобгарликни ўз зиммасига олишини айтган. Бироқ у Қошиқчи билан юз бераётган воқеалардан хабари бўлмаганини таъкидлаган.

Мавзу
Жамол Қошиқчининг ўлими
The Washington Post нашри учун ишлайдиган журналист Жамол Қошиқчи 2 октябрь куни Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллиги биносига кириб кетгач, изсиз йўқолди
Барчаси
Top