«Ўзсувтаъминот» бўйича ҳукумат қарори қабул қилинади

Ўзбекистон 09:56 / 29.02.2020 3902

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, президентнинг “Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш ва унинг сифатини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикасининг сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 26 ноябрдаги ПФ-5883-сон фармонига мувофиқ “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ташкил этилган.

“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси вазифасини бажариш уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари Соҳиб Саифназаровга юклатилади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти акциядорлари умумий йиғилишининг навбатдан ташқари мажлисида Тоҳир Ҳайдаровнинг номзодини “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тасдиқлаш масалаларини кўриб чиқади.

Қуйидагилар “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

сув таъминоти ва канализация хизматлари бўйича ягона буюртмачиси вазифасини амалга ошириш;

сув таъминоти ва канализация хизматлари учун тўловларнинг тўлиқлиги ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш;

аҳолининг, айниқса қишлоқ жойлардаги аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланишини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

сув таъминоти ва канализация соҳасида ҳисобга олиш ҳамда мониторинг қилишни таъминлайдиган замонавий ахборот ва ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш, республикадаги барча истеъмолчиларни ичимлик сувини ҳисобга олувчи замонавий асбоблар билан жиҳозлаш;

сув олиш, канализация иншоотлари ҳамда сув тармоқларининг янгиларини қуриш, мавжудларини қайта тиклаш ва реконструкция қилиш;

сув таъминоти ва канализация корхоналарининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий ускуналар, машиналар, механизмлар, таъмирлаш-фойдаланиш ва ўлчов техникаси билан жиҳозлаш;

белгиланган талабларга мувофиқ сувнинг сифатли бўлишини таъминлаш, ишлаб чиқариш жараёнига энергия ҳамда сувни тежайдиган технологиялар ва ускуналарни татбиқ этиш;

сув таъминоти ва канализация корхоналарининг молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, улар томонидан кўрсатиладиган хизматларга нарх шакллантириш тартибини такомиллаштириш;

сув таъминоти ва канализация соҳаси мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш.

Белгиланишича, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятининг молиявий фаолиятини шакллантириш қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:

Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармасининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармасига келиб тушаётган ичимлик сув таъминоти ва канализация хизматлари тарифларига белгиланадиган махсус устамаларнинг 40 фоизи;

республика истеъмолчиларига сув таъминоти ва канализация хизматлари кўрсатишдан тушадиган маблағларнинг 3 фоизи;

хусусий ташаббускорга давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишда кўрсатиладиган консультантлик хизматлари учун умумий лойиҳа қийматининг 1 фоиз миқдордаги маблағлар;

сув таъминоти ва канализация хизматини ривожлантиришга жалб этиладиган кредитлар, шу жумладан халқаро молия институтлари ва халқаро донорларнинг грантлари ҳамда хайрия маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа даромадлар.

Кўпроқ янгиликлар