Даромаднинг 1900 фоизга ўсиши, келажакдаги инқироз ва ўлимга тайёргарлик: Баффетнинг инвесторларга мактубида нималар ёзилган?

Kun.uz light 20:37 / 24.02.2020 16565

Баффетнинг ҳар йилги мурожаати Уолл-стритда диққат билан кузатиб бориладиган ҳодиса ҳисобланади, деб ёзади USA Today. Инвесторлар ва таҳлилчиларни компаниядаги молиявий аҳвол ҳамда миллиардернинг ҳар йили ўз мактубида берадиган маслаҳатлари қизиқтиради. Forbes миллиардернинг мактубини қисқартириб чоп этди.

Berkshire Hathaway 2019 йилда 81,4 миллиард доллар соф даромадга эришган. Ўсиш 2018 йилдагига нисбатан 1900 фоизни ташкил этган.

Баффет бу ўсишни Дональд Трампнинг солиқ ислоҳоти доирасида 2018 йилда киритилган янги ҳисобот қоидалари билан изоҳлайди. Улар туфайли қимматли қоғозларга эга компаниялар ўзларининг соф даромадларида қимматли қоғозлари қиймати ўзгаришини, яъни “қоғоздаги” фойда ёки зарарларини ҳисобга олишлари керак. 2019 йил якунига кўра, Berkshire Hathaway портфели қимматлашган ва реализация қилинмаган даромад 53,7 миллиард долларни ташкил этган. 2018 йилда эса, аксинча, у арзонлашган ва компания 20,6 миллиард доллар миқдорида реализация қилинмаган зарар кўрди, натижада унинг соф фойдаси атиги 4 миллиард долларни ташкил этди.

Миллиардер Berkshire инвестиция киритиш учун янги корхоналарни танлайдиган учта мезонни санаб ўтган. Биринчидан, улар яхши фойда келтириши ва ишлашлари учун зарур бўлган моддий капиталга эга бўлиши керак. Иккинчидан, уларни қобилиятли ва ҳалол менежерлар бошқариши керак. Учинчидан, битим қиймати оқилона бўлиши керак.

Баффетнинг фикрича, агар АҚШда ҳозирда мавжуд асосий ставка ва корпоратив солиқ ставкаси мана шу даражада қолса, акциялар узоқ муддатли облигацияларга нисбатан кўпроқ даромад келтириши "деярли аниқ". Шу билан бирга, акциялар нархи билан ҳар қандай нарса юз бериши мумкин ва қачондир инқироз албатта юз беради, деб огоҳлантиради миллиардер. Унинг сўзларига кўра, у ҳолда фонд бозорининг қулаши 50 фоизга етиши мумкин.

Баффет Berkshire Hathaway улушларга эга бўлган энг қиммат 15 компания орасида Apple, Coca-Cola, Goldman Sachs, JPMorgan, Moody’s ва Visa кабиларни эслаб ўтган.

"Балки эртага, балки бир неча ўн йилдан кейин" “Катрина” ва “Майкл” довулларини (2005 ва 2018 йилларда АҚШга ёпирилган) ортда қолдирадиган жиддий фалокат юз беради, дея огоҳлантиради Баффет. Миллиардернинг сўзларига кўра, фалокат албатта табиий офат кўринишида бўлмаслиги, масалан, киберҳужум бўлиши ҳам мумкин.

89 ёшли Баффет ўз мактубида сармоядорларни унинг ўлими "100 фоиз тайёргарлик кўрган" компания учун зарба бўлмаслигига ишонтирган. Активлар сезиларли даражада диверсификация қилинган, компанияни "малакали ва содиқ" топ-менежерлар бошқармоқда, директорлар кенгаши эса ишларнинг ҳолати ва корпоратив маданиятнинг ривожланишини доимий равишда кузатиб боради, дея изоҳ берган бизнесмен.

Баффет Berkshire Hathaway’нинг ўзига тегишли акцияларини сотмоқчи эмаслигини ва ўз васиятида бошқарувчиларга бундай қилишни тақиқлаганини маълум қилган. Меросхўрлар миллиардерга тегишли акцияларни хайрия ташкилотларига топширишлари лозим.

Бизнесмен компаниясининг инвестицияларини никоҳ билан қиёслаган: "Буларнинг барчаси, албатта, қувончли тўй билан бошланади, аммо кейин воқелик кутилганидан фарқ қилади". Унинг сўзларига кўра, иккала ҳолатда ҳам дастлаб "орзуларга берилиш осон", аммо кейин "ёқимсиз сюрпризлар"га дуч келиш мумкин.  

Баффет хулоса сифатида директорлар кенгаши учун энг яхши топ менежерларни топиш жуда муҳимлигини ёзган: у Berkshire раҳбари бўлган йиллар давомида муносиб одамларни учратган, бироқ уларнинг аксариятига пул ва бизнесни бошқаришни ишониб топширолмаганлигини билдирган.

Кўпроқ янгиликлар