«Улар хотирамни текширишадими ёки билимни?» – «1%» меҳмони олий таълимдаги муаммо ҳақида

Ўзбекистон 14:01 / 20.02.2020 15244

Унинг ўзи 4 марта кириш имтиҳонларини топширган, лекин барчасида «йиқилган». Шундан сўнг Тошкент шаҳридаги халқаро Westminster университетига ҳужжат топшириб, биринчи уринишдаёқ талабага айланган. У Ўзбекистондаги давлат ОТМларининг имтиҳон қилиш тизими билим текширишга эмас, балки ёдлашга асослангани ҳақида гапириб ўтди.

«Фикримча, Ўзбекистон ОТМларига кириш имтиҳонлари билим текширишга эмас, ёдлашга асосланган. Мен 4 марта университетга киришга ҳаракат қилганман – иккита давлат олий таълим муассасасига ва иккита ҳарбий университетга.

Барча имтиҳонларда йиқилганман. Чунки тарих фанидан қайсидир йилни эсимдан чиқариб қўйганман. «Европадаги маълум бир ўзгариш қайси санада бўлган», деган мазмундаги савол тушган эди. Хотирамни текширишяптими ёки билимимними? Агар ўша вазиятни айтиб бериш сўралса, шундай айтиб бераман – кино кўргандек бўласиз», дейди Жаҳонгир Пўлатов.

Жаҳонгир Пўлатов

У имтиҳон қилиш тизими билим ва маҳорат текширишга асосланган бўлиши лозимлигини қайд этиб ўтди.

«Она тили ва адабиёт фанларидан имтиҳон вақтида қайсидир шоирнинг қайсидир асарининг қайсидир қисмида қаҳрамон қай ҳолатда бўлгани ҳақида савол тушган. Агар ўша ёзувчининг ўзбек адабиёти ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўралса, айтиб бера оламан. Бу ерда имтиҳон қилиш тизими нотўғри», дейди у.

У халқаро университетнинг Тошкентдаги филиалига қандай қилиб бир уринишдаёқ қабул қилингани ҳақида ҳам айтиб берди.

«Westminster’га IELTS ва математика бўйича имтиҳон топширганман. Иккисига ҳам ўзим таъсир кўрсата олганман, яъни инглиз тилини кўпроқ ўқисам IELTS’дан кўпроқ балл оламан, математикадан кўпроқ мисол ечсам, формулаларни ишлатишни ўрганаман.

Бу ерда менинг ҳисоб-китоб қила олишим, таҳлил ва инглиз тили бўйича маҳоратим текшириляпти. Шу сабабли бир ярим ой мобайнида тайёрланиб, IELTS’дан 6,5 балл олганман, математикадан 24та дарсда тайёрланиб, 60 фоиз олиб, университетга бир уринишда кирганман», дейди Пўлатов.

Kun.uz ва Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази томонидан йўлга қўйилган «1%» кўрсатувининг биринчи меҳмони Жаҳонгир Пўлатов нафақат таълим тизими, балки тадбиркорлик, хайрия ва мотивация ҳақида ҳам сўз юритди. Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видеода кўришингиз мумкин.

Кўпроқ янгиликлар