Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисми қоплаб берилади

Ўзбекистон 14:24 / 20.02.2020 3461

Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қуйидагилар:

Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом;

Янги интенсив боғ, узумзор ва иссиқхоналарда сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Белгилаб қўйилишича:

а) Сув хўжалиги вазирлиги:

қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича ҳудудий манзилли рўйхатларни шакллантиришга кўмаклашиш, уларни таҳлил қилиш ва манзилли дастурни шакллантириш ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланишини ташкил қилиш;

сув тежовчи суғориш технологияларидан самарали фойдаланиш юзасидан тизимли мониторинг олиб бориш ҳамда манзилли дастурнинг жойларда ижросини таъминлашда юзага келган муаммоларни бартараф қилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликларига кўмаклашиш;

пахта хомашёси етиштириш учун томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплашга субсидияларни ўз вақтида жойларга ўтказиб бериш;

б) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

янги интенсив боғ, узумзор ва иссиқхона хўжаликларида сув тежовчи технологияларни жорий қилишга сарфланган харажатларнинг бир қисмини қоплаб беришга субсидия ажратиш бўйича таклифларнинг Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш ҳамда Узум етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари Кенгашларида ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда субсидия ажратиш бўйича манзилли рўйхатни тасдиқлаш;

янги интенсив боғ, узумзор ва иссиқхона хўжаликларида сув тежовчи технологияларни жорий қилишга сарфланган харажатларнинг бир қисмини қоплаб беришга субсидия ажратиш тўғрисида тегишли шартномаларни расмийлаштириш ҳамда ижроси бўйича мониторинг юритишни ташкил қилиш;

қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидияларни ўз вақтида жойларга ўтказиб бериш;

в) Молия вазирлиги ҳар йили Давлат бюджетининг асосий параметрлари тасдиқлангандан сўнг сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплашга ажратилган маблағларни белгиланган тартибда:

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига, шунингдек, унинг ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига ҳамда Узумчиликни ривожлантириш агентлигига;

пахта хомашёси етиштириш мақсадида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун эса Сув хўжалиги вазирлигига етказиш;

г) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари:

қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича туманлар ва ҳудудий манзилли рўйхатларини шакллантириш ҳамда уларнинг ижросини ташкил қилиш;

жорий қилинган сув тежовчи суғориш технологияларини пухта ўрганиб, тегишли далолатномаларни, субсидия бериш тўғрисида хулосалар ва талабгорлар рўйхатларини ўз вақтида расмийлаштириш ҳамда субсидия ажратиш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлигига, пахта хомашёси етиштириш учун томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича эса Сув хўжалиги вазирлигига тақдим қилиб бориш бўйича масъулдир.

Молия вазирлиги 2020 йилдан бошлаб, давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш манзилли дастурига мувофиқ сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун зарур маблағларни назарда тутади.

Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, сув тежовчи суғориш технологияси жорий этилган майдонлар учун субсидия давлат бюджетидан фақат бир маротаба ажратилади.

Календарь йил бюджети параметрларида сув тежовчи суғориш технологияси жорий этилган майдонларга субсидия ажратиш учун кўзда тутилган маблағларни ўтган йилларда сув тежовчи технологиялар жорий этилган майдонларга субсидия сифатида ажратилишига йўл қўйилмайди.

Низом талаблари 2020 йил 1 январдан бошлаб сув тежовчи суғориш технологиялари жорий этилган майдонларга нисбатан татбиқ этилади.

Субсидияларнинг базавий ҳисоблаш миқдорлари экин майдонининг ҳар бир гектари учун қуйидаги миқдорларда белгиланади:

томчилатиб суғориш тизимлари учун - 8 млн сўм;

ёмғирлатиб суғориш тизимлари учун - 4 млн сум;

дискрет суғориш учун - 1 млн сум.

Субсидиялар миқдори унинг базавий ҳисоблаш миқдорига қишлоқ хўжалиги экин тури ва ерларнинг бонитет балларидан келиб чиқадиган коэффициентни кўпайтириш йўли билан аниқланади.

Талабгорларнинг сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаш ҳар йили бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси томонидан тасдиқланадиган қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш манзилли дастури доирасида амалга оширилади.

Кўпроқ янгиликлар