Шавкат Мирзиёев Эрдўған билан учрашди

Ўзбекистон 19:30 / 19.02.2020 37055

Туркия Республикаси президенти саройида Ўзбекистон Республикаси президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Унда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди, икки давлат мадҳиялари янгради.  

Икки давлат делегацияси вакиллари таништирилди.

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бошланди. 

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, учрашувда давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, биргаликда янги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган.

Давлат раҳбарлари учрашувда ўзларини қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди. 

Айни вақтда Анқара шаҳрида Ўзбекистон – Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бошланиши кутилмоқда.  

Бу кенгаш икки томонлама муносабатлар тарихида янги мулоқот формати ҳисобланади. У 2018 йили давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотига мувофиқ тузилган.   

Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон ва Туркия президентлари ҳамраислигида олиб боради.  Сиёсат, хавфсизлик, мудофаа, савдо, иқтисодиёт, инвестиция, туризм, энергетика, транспорт,  қишлоқ хўжалиги, фан, таълим, маданият,  соғлиқни сақлаш ва ўзаро манфаатли бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш стратегиясини белгилайди. Шунингдек, қўшма лойиҳаларнинг бажарилишини назорат қилади.   

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари эришилган натижалар тўғрисида мазкур кенгашга доимий ахборот киритиб боради. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ва Туркия ташқи ишлар вазирлиги стратегик ҳамкорлик кенгашининг мувофиқлаштирувчи органи ҳисобланади.

Учрашув якунида Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия Стратегик кенгашининг 1-йиғилиши якунлари бўйича қўшма баёнот, шунингдек, савдо ва иқтисодий йўналишдаги қатор ҳужжатлар имзоланиши ҳам кутилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар